Ўзбек иссиқхоначилари нафақат анъанавий ташқи бозорларни, ҳатто ички бозорни ҳам Туркманистонга бой бермоқда. Бозорларимизда Хитой помидорлари пайдо бўла бошлагани ҳам – соҳанинг жар ёқасига қараб кетаётганидан дарак. Kun.uz мухбири Шокир Шарипов Мева-сабзавотчилар ассоциацияси раиси Абдураҳим Абдувалиев билан Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида бўлиб, миллиардлаб маблағ сарфланган, ҳозир эса барбод аҳволда ётган иссиқхоналарга гувоҳ бўлди.

Тасаввур қилинг, иқлим ўзгарди, жазирама иссиқлар кўпайиб, ёмғирлар камайиб кетди. Сув камлигидан яшил ерлар чўлга айлана бошлади ва егулик етиштириш қийинлашиб кетди.

Мана шундай пайтда бизларга иссиқхоналар ёрдамга келади. Замонавий иссиқхоналар сув ва бошқа ашёларни кам сарфлаб, кўп маҳсулот етиштирадиган, ташқарида қумбўрон бўлиб ётса ҳам ичкарида муҳити ўзгармайдиган бир мега-бинолардир. Истаймизми, йўқми биз шундай истиқболга қараб кетяпмиз ва яқин келажакда қайси мамлакатда зўр иссиқхоналар кўп бўлса, бошқалардан устун бўлади, бошқалар уларга қарам бўлади. Қарам бўлмаслик учун эса иссиқхоначиликни ривожлантириш керак – уларни ривожлантириш учун тадбиркорларга имкон бериш керак – давлат ёмон менежер, буни қилолмайди.

Хатарларга тўла бунақа истиболга тайёргарлик кўряпмизми? Кўрсатувимизни кўриб, бу ҳақда билиб оласиз – маълумотланган одам – қуролланган одам.   

Иссиқхоначилик соҳаси ҳолатини ўрганиш учун аввал Бухорога бордик – жуда кўплаб иссиқхоналар мужассам бўлган ҳудудга. Бу иссиқхоналардан бири, аҳволини кўриб турибсиз.

Ўйламан, излаб-излаб шунақа абгор иссиқхонани топиб олишибди деб. Йўқ, кўплаб иссиқхоналар мана шу аҳволда ва нега бу ҳолга келиб қолгани билиш учун Ўзбекистон иссиқхоначилар уюшмасини саволга тутдик.

Абдураҳим, биз таваккалига мана шу иссиқхонани танладик. Энди сизга савол, қай сабабдан мана шу ҳолга келди бу иссиқхона?

- Кўриб турганларингиз, Жанубий Кореянинг замонавий икки гектарлик, 20 минг квадрат метрлик иссиқхонаси. Нима сабабдан бунақа ҳолатга келиб қолди? Сабаблардан бири – кредитлар. 2018 йилда тадбиркор 5 миллиард сўм кредит олган бўлса, бугунги кунга келиб, ана шу 5 миллиард сўм 8,5 миллиард сўмга айланган.