Жамият | 16:56 / 22.12.2024
17409
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео

Фарғона шаҳрида портлаш юз берган автомобилларга газ ва бензин қуйиш заправкасини шохобча эгасининг хоҳишига кўра бузиш бошланди. Заправка қайта фаолият кўрсатмайди.

Фото: Видеодан кадр

Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасидаги портлаш содир бўлган автомобилларга газ ва бензин қуйиш шохобчаси бузилмоқда. Бу ҳақда Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, заправка шохобча раҳбарининг ўз хоҳиш-истагига кўра бузилмоқда ва у қайта фаолият кўрсатмайди.

«Бунинг асосий мақсади аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда келгусида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш», — дейилади хабарда.

17 декабр куни соат 13:45 ларда Фарғона шаҳри Янгийўл маҳалласидаги Petrolium пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлганди.

Бунинг оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Шу ҳудудда бўлган бир неча киши турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди ҳамда 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган. Ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашган маҳаллий аҳоли вакиллари мазкур АЁҚШ ва АГҚШ қурилишига одамлар норозилик билдирганини таъкидлаган. Бироқ масъуллар бу норозиликка эътибор қаратмаган.

Шу билан бирга портлашдан кейин Фарғона вилояти ҳокимининг тегишли фармойиши билан вилоятда фаолият кўрсатаётган барча турдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларининг белгиланган норма ва меъёрларга мувофиқлиги ҳолати ўрганиб чиқилмоқда.

Мавзуга оид