Жамият | 16:49 / 26.02.2026
10512
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда BMW рулидаги ўсмир ЙПХ ходимини уриб юборди

Автомобил бошқарувида ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир бўлган. Ходимнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда. Ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

25 феврал куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманида BMW M4 русумли автомобил ЙПХ инспекторини уриб юборди.

Инспектор тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов берган хабарга кўра, автомобил рулида хусусий мактабнинг 10-синфида ўқувчи, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли ўсмир бўлган. 

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани, текширув якунларига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши маълум қилинган.

  • Тўлдириш: Кўп ўтмай Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди. Тергов ҳаракатлари бошланди.

Бу вақтда айрим телеграм-каналларда ЙПХ ходими вафот этгани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова бу хабарларни рад этган.

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид