Жамият | 12:10 / 10.10.2024
39982
9 дақиқада ўқилади

200 минг сўмлик ижара ва уч ўлим: Намангандаги мактаб ўқувчиси содир этган аянчли автоҳалокат тафсилотлари

2 октябр куни Наманган шаҳрида юз берган мудҳиш авария барчани даҳшатга солди - 5 нафар ўқувчи ижарага олган Gentra машинасида юқори тезликда ҳаракатланиб йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, юк машинасига урилди, уч бола вафот этди. Бу шу йилнинг ўзида Наманган шаҳрида мактаб ўқувчилари ижарага олган машинада содир бўлган тўртинчи авариядир. Уларнинг барчаси ўлим билан тугаган.

Kun.uz мухбири бахтсиз ҳодиса билан боғлиқ тафсилотларни ўрганиш учун Наманган шаҳрида бўлиб ЙТҲда вафот этган ўқувчиларнинг яқинлари, касб-ҳунар мактаби ўқитувчилари ҳамда шифокорлар билан суҳбатлашди.

Аянчли якун топган автоҳалокатда Наманган шаҳридаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби ўқувчилари Аюбхон Акрамов, Мусохон Олимов ҳамда 10-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Исохон Каримовлар вафот этган.

Расмдан ўнгда Мусохон Олимов, чапда Аюбхон Акрамов

 

Расмдан чапда марҳум Исохон Каримов

Автомашинани бошқарган Акрамжон Нуриддинов реанимация бўлимидан “палата”га олиб чиқилган.

Акрамжон Нуриддинов

Яна бир ЙТҲ иштирокчиси Абдулазиз Ҳакимжонов эса жонлаштириш бўлимида қолмоқда.

Абдулазиз Ҳакимжонов

РШТЁИМ Наманган филиали Болалар реанимацияси бўлими мудири Дилмурод Мамадалиевнинг айтишича, ўқувчилар машина ижара олиб бошқариши оқибатида кўплаб ўлим ҳолатлари содир бўляпти.

Дилмурод Мамадалиев

“2 октябр куни соат 11:30 ларда Болалар реанимацияси бўлимига 5 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчилари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида олинган тан жароҳатлари билан оғир аҳволда олиб келинди. Улардан бири биологик ўлим ҳолатида эди, қолган 4 нафари оғир даражадаги бош ва кўкрак суяги шикасти, қорин ва оёқ-қўллардаги оғир даражали шикастланиши билан қабул қилинди.

2 нафари тиббий ёрдамлар фойда бермасдан вафот этди. Икки нафар жабрланганларнинг аҳволи нормал ҳолатга келган. Бир нафар бола жарроҳлик бўлимига, бошқаси болалар анестезиология марказига жойлаштирилди.

Бундай ҳолат шу йилнинг ўзида шифохонамизда тўртинчи марта такрорланяпти. Сўнгги вақтларда вояга етмаган болалар томонидан транспорт воситаларини бошқариш ҳолати анча кўпайган”, дейди шифокор.

Наманган шаҳридаги 1-сон касб-ҳунар мактабига бориб марҳум ўқувчилар ҳақида суриштирдик. Мактаб маъмуриятига кўра, ЙТҲда вафот этган Олимов Мусохон ҳамда автомашинани бошқарган ва ҳозирда шифохонада қолаётган Акрамжон Нуриддиновлар сабабсиз дарс қолдиргани учун 2024 йилнинг 2 апрелида ўқувчилар сафидан чиқарилган экан.

Бахтсиз ҳодиса пайтида воқеа жойида вафот этган Аюбхон Акрамов эса мудҳиш ҳодиса содир бўлган куни дарсга келмаган.

Instagram’га видео оламан деб телефонга чалғиб машинани бошқара олмай қолган...

Марҳамат Ибрагимова,  вафот этган ўқувчиларнинг синф раҳбари

“Аюбхон Акрамов дарсларга қатнашаётган эди. Аммо 2 октябр куни дарсга келмади, қўл телефонига қўнғироқ қилдим, жавоб бермади. Кейин автоҳалокатга учрагани ҳақида эшитдик. Тахминан соат 12:30 ларда Аюбхон вафот этгани ҳақида хабар келди. Олимов Мусахон шу йилнинг 2 апрелида ўқишдан четлатилган эди. Аммо улар кўчада кўришиб юришар экан. Воқеа жойида иккиси ҳам бўлган. Акрамжон Нуриддинов ҳам вақтида ўқишга келмагани сабабли ўқишдан четлатилганди. Улар машинани ижарага олиб, Instagram’га видео жойлаш учун кўчада тезликни оширган ҳолда юришар экан. Машина бошқарган ўқувчи ижтимоий тармоққа видео оламан деб телефонга чалғиб машинани бошқара олмай қолган”, дейди Марҳамат Ибрагимова.

Ўлган ўқувчилар мактабдан ҳайдалган эди, буйруғи қўлимда...

Икромжон Рустамов, касб-ҳунар мактаби директор ўринбосари

“Акрамжон Нуриддинов, Аюбхон Акрамов, Мусахон Олимовлар 2 октябр санасида автоҳалокатга учрагани ҳақида хабар эшитдик. Мусахон Олимов ва Акрамжон Нуриддиновлар Вазирлар Маҳкамасининг 466-сонли қарорига мувофиқ 72 соатдан кўп дарс қолдиргани учун 2024 йил 2 апрелдан ўқувчилар сафидан четлаштирилганди. Аюбхон Акрамовнинг ўзи мактабимизда ўқиётган эди.

Ва қайтадан биринчи курсда ўқисагина ўқишни тиклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган эди”, дейди касб-ҳунар мактаби директор ўринбосари Икромжон Рустамов.

ЙТҲда вафот этган Исохон Каримов ҳақида маълумот олиш учун у ўқиган 10-мактабда бўлиб ўқитувчилар билан суҳбатлашдик.

Исми сир қолишини илтимос қилган директор ўринбосарига кўра, Исохон Каримов 2 октябр куни дарсга кеч қолиб келган. Дарслари тугагач, маҳалладошлари Gentra'га солиб мактабдан олиб кетишган.

200 минг сўмга ижарага олинган машинани деб ўғлимдан айрилдим...

Марҳум Исохон Каримовнинг отаси

“Мудҳиш воқеа ҳақида соат 12:00 ларга эшитдик. 3 ўғил ва 1 қиз отаси эдим. Исахон кенжа ўғлим эди. Тўнғич ўғлим телефон қилиб катта кўчада 5 нафар бола ҳалокатга учрабди деди. Юрагим бир бежо бўлганди. Кейин билсак ўша болалардан бири кичик ўғлим экан. Вояга етмаганларга ижарага машина бераётганлар озроқ ўйлаб кўришса бўларди тепадагилар. 200 минг сўмга машинани шунчаки ижарага бериб юбориб, болаларнинг ҳам ҳаётини таҳликага қўйишмоқда. Ҳаммасидан кўра онасига қийин бўлди. Ўзи касалманд эди. Воқеадан кейин беморлиги ошди”.

Суриштирув давомида касб-ҳунар мактаби раҳбарияти Мусохон Олимов ва Акрамжон Нуриддиновлар кўп дарс қолдирганликлари учун ўқувчилар сафидан четлаштирилгани ҳақида кўрсатма беришиб ҳатто ўша буйруқ аслини тақдим этишганди. Бироқ марҳум ўқувчилар яқинларига кўра, улар касб-ҳунар мактабида ўқиётган бўлган. Мактаб маъмурияти жавобгарликдан қочиш учун ЙТҲдаги ўлимдан сўнг тезкорлик билан сохта буйруқ тайёрлашган.  

Ўқиётган ўғлимни ҳайдалганга чиқаришди...

Марҳум Мусохон Олимовнинг отаси

“Воқеа содир бўлишидан бир оз олдин қизим билан машинада кетаётган эдик. Тўсатдан автоҳалокатга кўзимиз тушди. Ичимда бу ҳалокатга учраган инсонлар тирик қолмаган бўлса керак деб ўйладим. Чунки Lacetti юк машинасининг тагига кириб кетган эди. Бироздан кейин эса Аюбхон автоҳалокатга учради деб телефон қилишди. Lacetti’да эмасмиди, деб сўрадим. Ростдан шундай бўлиб чиқди. 5 ўртоқ машина ижарага олишган экан.

Шифохонага борганимда ўғлим Мусохон вафот этган экан, эртаси кунига Исохон ҳам вафот этди. Исохон ҳам менинг жияним.

Ўғлим ўқиётган касб-ҳунари мактаби ўқитувчилари жавобгарликдан қочиш учун ўқиётган ўғлимни ҳайдалганга чиқаришди.

Вояга етмаганларга ҳеч қандай ҳужжатларни талаб қилмасдан ижарага машина бериш бу жуда ёмон ҳолат. Пул учун бу иш қилинган бўлса, мана 3 йил ичида 16 та вояга етмаганлар билан шу ҳол такрорланган. Бу учун назоратни кучайтириш керак. Қандайдир радар ёки назорат қилувчи шахс қўйиш керак. Шунда бу воқеаларнинг урчиб кетиши олди олинар эди. Шу ишни қилаётган одамларнинг ҳам боласи бордир?”

“Права”сиз болаларга машина берган жазоланиши шарт...

Олимжон Акрамов, марҳум Аюбхон Акрамовнинг бобоси

“Набирам, Акрамов Аюбхон 2 октябр куни коллежга кетган эди. Кўчада ўртоқлари билан бирга 5 киши ижарага машина олишган ва шу машинада автоҳалокатга учрашган. Набирам машинанинг биринчи ўриндиғида ўтирган экан ва воқеа жойида вафот этган. Машинанинг асл эгаси аёл киши бўлганини таъзияга келган одамлардан билдик. Ўша машинани аёлдан ижарага олган бир йигит невараларимга 200 минг сўм эвазига 2 соатга ижарага берган экан. Оиламиз учун бу жуда катта мусибат бўлди. Ва вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ болаларга машинани топшириб қўйган одамни албатта жазолаш шарт. Зора шу орқали барча ҳайдовчи ёки ижарага машина берувчилар бундан тўғри хулоса чиқаришади.

Марҳум курсдошларим ўқишдан ҳайдалмаганди...

“Наманган шаҳар 1-сонли касб-ҳунар мактаби талабасиман. Аюбхон, Мусохон, Акрам курсдошларим. Бир коллежда ўқиймиз, фақат бошқа гуруҳларда. Шу воқеа бўлишидан 3 кун олдин ўртоғимни кўрган эдим. Бу болалар билан 2 йил олдин танишганмиз. Аюбхон ва Акрамжонлар дарсга қатнашарди. Мусохон ва Акрамни ўқишдан ҳайдалган дейишяпти, лекин уларнинг ҳаммаси коллежга келиб туришар эди”, деди исми сир қолишини илтимос қилган марҳум ўқувчиларнинг курсдош дўстларидан бири.

Ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Gentra автомашина эгаси бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга транспорт воситасини топширганлиги юзасидан ҳам терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Оператор ва монтажчи – Сардор Мамиров

Мавзуга оид