Мерино яна қаҳрамон, Қозоғистон Фарер оролларини яна енга олмади
|12:305 07512 мин
Беларус қаторасига иккинчи ўйинда ғалаба қозониб, ўз гуруҳида иккинчи ўринга чиқиб олди, Қозоғистон эса ўз уйида Фарер оролларини ҳам енга олмади ва Словакия, Фарер ороллари ва Молдова бор гуруҳда сўнгги ўринда қолмоқда.
Испания сафарда Хорватияни таслим этди. Лекин шу куни испанлар ўйиннинг 60-дақиқасигача ҳисобда ортда эди ва фақат захира имкониятлари ишга солиниши эвазига ғалаба қозонди.
Ўтган турда Англияга йирик ҳисобда ютқазган хорватлар ўйинни фаол бошлади ва 17-дақиқадаёқ қарши ҳужумда ҳисобни очди: Унаи Симон Игор Матановичнинг зарбасини қайтарганди, аммо кексаликни тан олмаётган Иван Перишич қайтган тўпни бош билан бўш дарвозага йўллаб қўйди. Бир неча дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни ҳам уриши мумкин эди: испанлар жарима майдони ичида тўп йўқотишди, аммо Матанович дарвозабон ҳудудида туриб гол уролмади – бу вазиятда Симон жамоа жонига ора кирди.
Хорватия биринчи бўлимни аъло даражада ўтказди ва шу куни испанларнинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берилиши мумкин эди, аммо Луис де ла Фуэнте танаффусдан кейин ўз халоскори Микел Меринони майдонга ташлади.
Испания иккинчи бўлим бошларида бир неча хавфли вазиятдан фойдалана олмади, 60-дақиқада эса барибир ўз мақсадига эришди. Дани Олмо рақиб ҳимоячисидан қайтган тўпни ўзига бўйсундириб, уни Меринога узатди, ўтган мавсумда «Арсенал»да мажбуран марказий ҳужумчига айлантирилган футболчи эса олис бурчакни аниқ нишонга олди.
Шу куни ўйин қаҳрамони бўлиши мумкин бўлган Перишич эса антиқаҳрамонга айланди: у аввалига қулай вазиятни йўққа чиқарди, 79-дақиқада эса майдон марказида Марк Кукуреляга кераксиз фол ишлатиб, иккинчи сариқ карточкани олди ва жамоадошларини қийин аҳволда қолдирди. Хорватлар қолган вақт давомида ҳимояга ётишди, аммо 88-дақиқада барибир тўп ўтказиб юборишди. Яна Мерино катта саҳнага чиқиб, жарима майдони ичида дарвозага орқа турган ҳолда тўпни қабул қилиб олиб, кейинги ҳаракатида дарвозага михлади. Қизил фурия мағлубиятсиз сериясини 42 ўйинга етказди ва муддатидан олдин Миллатлар лигаси плей-офф йўлланмасини нақд қилди.
Кейн сешанба куни миллий жамоа сафидаги ўйинлар сони бўйича Питер Шилтоннинг рекордини (125) такрорлади ва майдондаги энг асосий фигурага айланди. Биринчи бўлим ўрталарида айнан унинг қанотдан узатмасидан кейин чехлар ҳимоячиси Цоуфал ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди.
Бўлим охирида эса унинг ўзи Роджерснинг узатмасидан ҳисобдаги фарқни оширди. Ҳужумчи Миллар лигасининг тўрт турида ҳам гол уриб, минимум дастурни бажарди.
Қолаверса, Ҳарри миллий жамоа сафида 90 та голлик нуқтани забт этган еттинчи футболчига айланди. «Олтин тўп» учун асосий даъвогарлардан бири саналган футболчи иккинчи бўлимда ҳам шахсий натижаларини яхшилашда давом этди ва бурчак зарбасидан кейин бошда иккинчи голини урди. У энди 6 гол билан турнирнинг энг яхши тўпурари бўлиб олди.
Навбатдаги йирик ғалаба Англия учун ҳам плей-офф йўлланмасини нақд қилди. Кейинги икки тур натижаларига кўра (Англия икки ўйинда ҳам ютқазиб, Хорватия икки ўйинда ҳам ютса), очколар тенг келиб қолган тақдирда ҳам ўзаро учрашувда 7 тўп фарқи билан ютқазган Хорватия тўплар нисбатини яхшилай олиши даргумон.
12 ноябр. Чехия – Испания, Англия – Хорватия. 15 ноябр. Хорватия – Чехия, Испания – Англия.
Швейцария гуруҳ аутсайдерига биринчи бўлим охиригача гол ура олмади ва режиссёрлар ўз ёрдамчилари билан ниманидир қизғин муҳокама қилаётган Мурат Якиннинг хавотирли юзини кўрсатишди. Аммо блўлим якунланиши арафасида уюштирилган кучли прессинг Ридер тўпни ўткир бурчакдан дарвоза тўрига йўллаши билан якунланди. Иккинчи бўлимда эса Манзамбининг фаол ҳаракатлари мезбонларнинг йирик ғалабасини таъминлади. Аввалига дарвозабон унга гол совға қилди, кейин эса Жоэлнинг пасидан Ндой ҳисобни йирик кўринишга келтирди. Қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонган Швейцария плей-офф йўлланмасини муддатидан олдин ҳал қилди.
Гуруҳдаги иккинчи ўрин учун кечган баҳсда аввалига шотландларнинг қўли баланд келаётганди. Биринчи бўлимда рақибнинг хавфли ҳужумларига дош берган мезбонлар қарши ҳужумда ҳисобни очишди: дарвозабон Макбернининг зарбасидан кейин тўпни қайтарганди, аммо тўпга биринчи бўлиб Кристи етиб келди.
Иккинчи бўлимда эса словенияликлар иккита гол уриб, ғалабани илиб кетишди. Британлар ўйиннинг кўпроқ вақтида тўпга эгалик қилиб, 12 бор зарба берди (2,2 xG), аммо дарвоза соҳасига тўғри борган уч зарбадан икки гол урган меҳмонлар омадлироқ чиқишди.
13 ноябр. Шотландия – Шимолий Македония, Словения – Швейцария. 16 ноябр. Шимолий Македония – Словения, Швейцария – Шотландия.
Беларус ўтган турда елкасидаги оғир юкдан қутулган ва ғалабали йўлга тушиб олганди. Узоқ вақтдан буён эришилган илк ғалабадан жамоа шу даражада илҳомландики, Финландияга қарши ўйиннинг 14-сониясидаёқ Шуманский тўққизликни аниқ нишонга олиб, ҳисобни очди. 15-дақиқада эса мезбонлар ҳисобдаги фарқни ошириши мумкин эди, аммо Шуманский томонидан ишланган пеналтини Волков голга айлантира олмади.
Шу билан бирга, минимал ҳисобдаги ғалаба ҳам иккинчи ўринга кўтарилиш учун етарли бўлди. Параллел кечган учрашувда гуруҳ пешқадами Албания аутсайдер Сан-Маринога ютқазиб қўйганида Виктор Гончаренко шогирдлари биринчи ўринга ҳам чиққан бўларди. Бу ўйинда аввалига мезбонлар яримҳимоячиси Кристян Асллани олис масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобни очганди. Шундан кейин албанлар хотиржамликка берилди ва расмий ўйинларда қарийб бир йилдан буён гол урмаган Сан-Марино ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса меҳмонлар дарвозабони кетма-кет сейвлар ижро этиб, ўйин охирларигача интригани сақлаб қолди. Фақат қўшимча бўлимларда VAR аралашув албанларни шармандаликдан қутқариб қолди. Рақиб жарима майдонида тўп қўл билан ўйналгани учун белгиланган пеналтини эса Асллани аниқ ижро этди – 2:1.
Йон Ван'т Сҳип бошқарувида янги цикл бошлаган Қозоғистон ҳамон илк ғалабасига эриша олмаяпти. Мезбонлар Фарер оролларига қарши ўйинни фаол бошлаганди, аммо вазиятларидан фойдалана олмади, рақибнинг бурчак зарбалари серияси эса ҳисоб очилиши билан якунланди.
Иккинчи бўлим бошида ҳам қозоғистонликлар голга яқин эди: аввалига Самородовнинг жарима зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди. Кейин эса Касимнинг зарбасидан кейин дарвозабон тўсин остидан кириб кетаётган тўпни қайтариб қолди. Жавоб ҳужумида эса меҳмонлар орадаги фарқни оширишди.
Фақатгина қозоғистонликларнинг фахрий футболчиси Малий ўз вақтида ҳужумга чиқиб, жарима майдони ташқарисидан аниқ зарба йўллади ва ўйинга интрига қайтарди. Кейин эса бошқа бир марказий ҳимоячи Нурали Алип жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди.
Қозоғистон 4 ўйинда икки очко олган ҳолда гуруҳ жадвалида сўнгги ўринда, Фарер ороллари эса 4 ўйинда ҳам дуранг қайд этиб, иккинчи ўринда жойлашган.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида эса майдондаги воқеаларга умуман мос келмайдиган ҳисоб қайд этилди. Мезбонлар бутун ўйин давомида устунлик қилишди ва кўпроқ зарба беришди, аммо йирик ҳисобда ютқазишди. Словакия бу ғалаба орқали В дивизионга йўл олишини кафолатлади.
Эстония ва Исландия ўйини гуруҳ пешқадамлиги учун кечди ва якунда сафардан дуранг билан қайтган исландлар пешқадамликни сақлаб қолди. Бу дуранг учун дарвозабон ва ҳимоячилар қаттиқ тер тўкишига тўғри келди.
Болгария футболчиларига эса бош мураббий Александр Димитров истеъфоси ижобий таъсир қилди – ушбу мутахассис қатор муваффақиятсиз ўйинлардан кейин жамоа етакчиларининг ишончини йўқотганди. У жамоа бошқарувида бир йилдан кўпроқ ишлаб, ўнта ўйин ўтказди, шундан 7 тасида ютқазиб, 2 дуранг ва бир ғалаба қайд этди, унинг ўрнига келган Атанас Рибарски эса илк ўйиндаёқ муваффақият қозонди.