Иқтисодиёт | 11:00 / 11.07.2024
4453
4 дақиқада ўқилади

2024 йилнинг биринчи ярмида кўчмас мулк савдоси 5,7 фоизга қисқарди

Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, кўчмас мулк бозорида умумий савдолар ҳажми 5,7 фоизга пасайган. Бу кўрсаткич Навоий вилоятида 26,5 фоизни, Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида эса 10,6 фоизни ташкил этган. Ўз навбатида Андижон (12,7 фоиз), Хоразм (8,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятларида (6 фоиз) ўсиш кузатилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида содир бўлган ўзгаришларни таҳлил қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг июнида кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони камайиб, жами 20,2 мингтани ташкил қилган.

«Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича кўчмас мулк бозорида умумий савдолар ҳажми 5,7 фоизга пасайди. Аммо ҳудудий кесимда вазият бир турли бўлмаган динамика билан характерланади, Андижон, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фаоллик ошгани қайд этилган.

Таҳлил кўчмас мулк бозори беқарорлиги ва қисқа муддатли тебранишларига ишора қилмоқда. Хусусан, бир ой давомида фаоллик 6,4 фоизга пасайиб, икки ойлик ижобий динамика ўрнини эгаллади. Ҳолбуки май ойида сотувлар 9 фоизга, апрел ойида эса 11 фоизга ошган эди. Йил давомида сотувлар эса деярли 14 фоизга пасайди», дейилади ИТИМ шарҳида.

Ҳудудий кўчмас мулк бозоридаги вазият

Июн ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларнинг энг кўп пасайиши Сирдарё, Бухоро ва Андижон вилоятларида кузатилган –мос равишда 21 фоиз, 20 фоиз ва 16 фоиз.

Республиканинг аксарият ҳудудларида сотувлар пасайишига қарамасдан, Тошкент шаҳрида ижобий динамика сақланиб қолган. Ҳисобот даврида пойтахтда фаоллик деярли 5 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида умумий савдолар сони 5,7 фоизга пасайган. Мазкур пасайиш айниқса, Навоий вилоятида сезиларли бўлиб, операциялар 26,5 фоизга қисқарган. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 13,8 фоизни, Жиззах вилоятида 10,6 фоизни ташкил этган.

Шу билан бирга, бир қатор ҳудудларда ижобий динамика қайд этилган. Хусусан, 6 ой ичида ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда энг кўп ўсиш Андижон (12,7 фоиз), Хоразм (8,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятларида (6 фоиз) кузатилган.

Тошкент уй-жой ижараси бозоридаги вазият

Пойтахт ижара бозори май ойида бироз тикланишдан сўнг, яна пасайиш билан характерланди. Хусусан, Тошкентда ижаранинг ўртача баҳоси 1,2 фоизга пасайиб, бир квадрат метр учун 8,3 долларни ташкил этди.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара ҳақи ҳамон юқори бўлиб, ҳар квадрат метр учун ўртача 10,2 долларга тенг бўлиб турибди.

Нисбатан арзон уй ижараси Олмазор, Сергели ва Бектемир туманларида сақланиб қолмоқда, бу жойларда ижаранинг ўртача нархи бир квадрат метр учун 6,4 долларни ташкил қилади.

Шу билан бирга, йил бошидан бери ижара нархининг 9,8 фоизга арзонлашиши қайд этилган, ўтган йилнинг июнига нисбатан эса ижара ҳақи 5,5 фоизга пасайган.

Иккиламчи уй-жой бозори

Ўтган ойда иккиламчи кўчмас мулк бозорида ҳам нархлар ўсиш суръати секинлашган. Агар май ойида уй-жой ўртача нархи ўсиши квадрат метр учун 1,3 фоизни ташкил этган бўлса, июн ойида бу кўрсаткич 0,3 фоиз бўлган.

Бироқ ўтган йилнинг июнига нисбатан иккиламчи бозорда нархлар деярли 10 фоизга ошган.

Иккиламчи уй-жой сегментида уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (18,1 фоизга), Бухоро (17,1 фоизга), Қашқадарё (16,7 фоизга) ва Тошкент вилоятларида (16 фоизга) қайд этилган.

Тошкентда иккиламчи бозордаги умумий нархлар бир ойда 1,1 фоизга пасайган. Шайхонтоҳур (0,8 фоиз), Яккасарой (0,6 фоиз) ва Олмазор туманларида (0,3фоиз) эса ўсиш кузатилган.

Мавзуга оид