«Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, риэлторлик соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ягона тизими белгиланди. Қонун кўчмас мулк бозори иштирокчилари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳужжатга кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги риэлторлик соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Риэлторлик фаолияти билан шуғулланиш учун махсус ўқув дастурини тугатиш, малака имтиҳонидан муваффақиятли ўтиш ва штрих кодли малака сертификатини олиш талаб этилади.

Шунингдек, риэлторлик ташкилотлари ва кўчмас мулк бўйича агентлар Ягона реестрга киритилган санадан бошлаб фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Реестрда риэлторлар, агентлар, профессионал жамоат бирлашмалари ва уларнинг фаолиятига оид маълумотлар жойлаштирилади.

Қонунга мувофиқ, риэлторлик хизматлари кўчмас мулк объектларига оид битимларда воситачилик қилиш, уларнинг савдосини ташкил этиш, ишончли бошқариш ҳамда ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатишни ўз ичига олади.

Бундан ташқари, хусусий сектор томонидан ташкил этиладиган мультилистинг тизими жорий қилинади. У риэлторлик хизматларини «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш, электрон ахборот алмашинувини таъминлаш ва бозор иштирокчилари ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштиришга хизмат қилади.