Ўзбекистон | 11:34 / 10.07.2024
7064
2 дақиқада ўқилади

Сенат янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади

Қонунда энергетика соҳасида рақобат муҳитини яратиш, трейдерлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид нормалар белгиланган.

Сенатнинг 54-ялпи мажлисида янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Таъкидланишича, амалдаги қонун 2009 йилда қабул қилинган бўлиб, унда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозори, жумладан, соҳада рақобатни қўллаб-қувватлаш механизмлари назарда тутилмаган, электр таъминотининг ишончли, хавфсиз, барқарор ҳамда кам харажатли ишлашини таъминлайдиган нормалар акс эттирилмаган, истеъмолчиларнинг нархлар ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатлари белгиланмаган эди.

Янги таҳрирдаги «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонун билан истеъмолчиларнинг нархлар, ишончли электр таъминоти ва хизматлар кўрсатиш сифати бўйича манфаатларини ҳимоя қилиш, электр энергияси жиддий тўсиқларсиз сотиладиган ликвидли бозорни шакллантириш мақсадида самарали, шаффоф, табақалашмаган ва рақобатдош электр энергия бозорининг юзага келиши ва ривожланишига кўмаклашиш назарда тутилган.

Қонунда рақобат муҳитини ривожлантириш, хусусий сармояларни жалб қилиш ва жорий этишни рағбатлантирувчи электр энергетика тармоғининг самарали фаолият юритиши учун тузилма ва умумий қоидалар белгиланган.

Шунингдек, электр энергиясининг рақобатга асосланган улгуржи ва чакана бозор қоидалари ҳам акс эттирилган.

Бундан ташқари, қонунда электр энергияси бозорида трейдерлар (жисмоний ёки юридик шахслар) фаолиятини тартибга солишга қаратилган умумий қоидалар, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларига оид норма ҳам киритилмоқда.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишга ва бу орқали электр энергетикаси соҳаси самарали фаолият юритишига, электр энергетикаси корхоналари ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари белгиланишига ҳамда электр энергиясини қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид