The Hans India нашри хабарига кўра, 1 октябр куни Ҳайдарободнинг Гачибоули ҳудудида полиция Одам савдосига қарши курашиш бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда меҳмонхонада рейд ўтказган.
Тадбир чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Раммохан Редди ва Никхил исмли икки шахсни ушлаган. Улар меҳмонхонадан хоналар олиб, мижозларни жалб қилиш орқали ноқонуний фаолиятни ташкил этганликда гумон қилинмоқда.
Kun.uz ушбу хабарга ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Вазирликнинг маълум қилишича, Ҳайдаробод шаҳрида одам савдоси тўғрисида полицияга келиб тушган маълумот асосида рейд ўтказилган. Тадбир давомида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳамда икки нафар бошқа давлат фуқаролари қутқарилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Фуқаронинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида маҳаллий полиция органлари билан расмий алоқа ўрнатилган. Элчихона иштирокида у Ҳайдаробод шаҳри Кукатпалли туманидаги ижтимоий хизмат бошпанасига жойлаштирилган.
Фуқарони ватанга қайтариш масаласи юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Таъкидланишича, вазият элчихона назоратига олинган.







