Иқтисодиёт | 12:36 / 10.10.2025
4780
2 дақиқада ўқилади

Иссиқхоналар кафолатланган ҳажмдаги газ билан таъминланади. Уларга солиқ имтиёзи ҳам берилди

Президент фармони билан, табиий газда ишлайдиган иссиқхона хўжаликларига октябр-март ойларида табиий газ кафолатли ҳажмда етказиб берилиши белгиланди. Иссиқхоначиларнинг 1 октябр ҳолатига мавжуд солиқ қарзлари музлатилиб, фоиз қўшилмаган ҳолда 2028 йил охиригача тўлаш имкони берилди. Улар, шунингдек, 3 йил давомида ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада тўлайди.

Фото: Kun.uz 

“Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан, табиий газда ишлайдиган иссиқхона хўжаликларига октябр-март ойларида ҳар ой учун 50 фоиз олдиндан тўловлар асосида табиий газ кафолатли ҳажмда етказиб берилиши белгиланди.

Табиий газ етказиб берилмагани натижасида йўқотилган ҳосил учун етказиб берувчи томоннинг жавобгарлиги шартномаларда аниқ белгилаб қўйилади.

Шунингдек, иссиқхона хўжаликлари узлуксиз ишлашини таъминлаш учун уларга қуйидаги имтиёзлар берилди:

  •  2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил якунига қадар ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;
  •  2025 йил 1 октябр ҳолатига мавжуд солиқ қарзи юзасидан тўлов муддати фоизларни ҳисобламаган ҳолда 2028 йил якунига қадар узайтирилади.

Ҳужжатда қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланган:

  • мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмини 2026 йилда – 3,5 миллиард АҚШ доллари, 2027 йилда 4 миллиард АҚШ долларига етказиш;
  • иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан кафолатли таъминлаган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2026 йилда – 620 минг тоннага, 2027 йилда 670 минг тоннага етказиш, ушбу маҳсулотларнинг экспорти ҳажмини 30 фоиздан 70 фоизга ошириш;
  • 2026 йилда қўшимча аниқланган 20 минг гектар, 2027 йилда 15 минг гектар дала четига мевали кўчат ва сабзавотлар экишни ташкил этиш.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид