Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Telegram’даги расмий каналига 27 ноябр куни вилоятдаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга жўнатилаётгани акс этган видео юкланди.
Қайд этилишича, ҳудуддаги 20 га яқин умумтаълим мактабларидан юзлаб битирувчи синф ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга бориб қайтишга улгурган.
“…вилоятимиз ҳокими томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббусни Андижон ёшлари катта ҳурсандчилик ила қаршилади”, – дейилади хабарда.
Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслимбек Иброҳимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 100 та мактабда учрашув ўтказилиб, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ушбу ташаббуси таклиф этилган. Вазияти, дарс соатлари мос келган мактаблар бунга рози бўлган.
“Шунга нима дейсизлар деса, энди ўзбек йигитлари, қизлари яхши тушунса керак, “бажонидил кетдик, иложи бўлса ҳозирнинг ўзида” [дейди]. Масалан, мени олиб кетса, ишимни ташлаб ҳозир кетардим, яна қайта қабул қилса. [Армия] бошқача олам, инсоннинг кўнгли билан боғлиқ. Шундай қилиб хурсандчилик билан қабул қилишяпти.
Асосан битирувчи синфлар жалб қилинади, чунки уларнинг чақирувга тайёрлаш, меҳнат дарслари бор. Айтайлик, бир ой давомида шу дарслар 20 ёки 50 соатни ташкил қилса, шу “расписание”ларга мослаштирган ҳолда бориб келса, бўлади. Албатта, бу бир томоннинг айтгани билан бўлиб қолмайди, бунда чегара қўшинлари, Мудофаа, Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва ундан кейин Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг иштироки бор. Шунга қараб, шулар билан ҳамжиҳатлик, ҳамкорликда кўриб чиқиб ташкил қилинади.
Бундан кейин ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича 3 кунлик армияга олиб боринглар деган топшириқ йўқ, лекин олиб бориб, кўрсатиб, яқиндан таништириш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш деган бандлар бор”,– дейди у.
Иброҳимовга кўра, айни амалиётнинг натижаси ижобий бўлган, бундан барча – ўқитувчи, ота-она, ёшлар хурсанд.
















