Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги битирувчилар сифати индекси натижаларига кўра энг юқори кўрсаткич қайд этган олийгоҳлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатдан 20 та олий таълим муассасаси ўрин олди.

Тоифалар кесимида ижтимоий-гуманитар йўналишда 11 та, амалий фанлар йўналишида 5 та, тиббиёт ҳамда ижод ва спорт йўналишларида 2 тадан олийгоҳ энг юқори кўрсаткичга эга деб эътироф этилди.

Ижтимоий-гуманитар йўналишда Тошкент шаҳридаги Вебстер университети 76,3 балл билан энг юқори ўринда жойлашди.

Амалий фанлар йўналишида эса Тошкент шаҳридаги Инҳа университети 74,2 балл натижага эришган.

Тиббиёт фанлари йўналишида Тошкент давлат тиббиёт университети Термиз филиали 74 балл, ижод ва спорт фанлари йўналишида Ўзбекистон давлат консерваторияси 81,5 балл билан юқори йигирматаликка кирган.

Барча олийгоҳлар орасида энг юқори балл ҳам Ўзбекистон давлат консерваториясига тегишли бўлди.

Битирувчилар сифати индекси натижалари билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишиш мумкин.