Ўзбекистон | 21:47 / 06.04.2026
3994
3 дақиқада ўқилади

Ҳарбий хизматчилар учун олийгоҳга ўқишга кириб, масофавий таълим олиш имконияти яратилади

Президент, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларни касбга ўргатиш ва сифатли таълим олиши учун шароит яратиш ҳамда армияда китобхонликни оммалаштириш юзасидан ишлаб чиқилган таклифлар кўриб чиқилди.

Жумладан, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёшларга бир қатор имтиёз ҳамда кафолатлар берилиши назарда тутилмоқда.

Энди муддатли ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий хизмат даврида олийгоҳларга ўқишга кириб, масофавий таълим олиш имконияти яратилмоқда. Бу жараёнда аскарлар учун таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисмларда абитуриентларни тайёрлаш курслари ташкил этилиб, олийгоҳларнинг кириш имтиҳонларига тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Шартнома асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга фоизсиз имтиёзли кредит ажратилади. Энг муҳими, олий таълим муассасаларига қабул қилинган аскарлар ҳарбий факультетлар талабаларига тенглаштирилиб, ўқишни тамомлагандан сўнг уларга захирадаги лейтенант ҳарбий унвони берилади.

Шу билан бирга, намунали хизмат ўтаган, республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда фан олимпиадаларида биринчи ўринни эгаллаган аскарларни тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.

Жорий этилаётган имтиёзлардан яна бири – аскарлар учун ҳарбий хизмат давомида “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида 3-6 ойлик ўқув курслари ташкил этилиб, уларга давлат намунасидаги махсус сертификат берилади.

Муддатли ҳарбий хизматдан қайтиб, хусусий секторда фаолият юритмоқчи бўлган ёшларнинг касб-ҳунарга ўқиш харажатлари ваучер асосида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси томонидан қоплаб берилади.

Давлат ташкилотларига ишга кириш истагини билдирган ёшларга эса Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан ўтказиладиган тест синовларида 10 фоизлик имтиёз баллари қўшиб берилади.

Йиғилишда ҳарбий хизматчиларни китобхонликка қизиқишини янада ошириш, бу борада уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб, ҳар йили Қуролли Кучларнинг барча тоифадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида тўрт босқичли “Маънавият қалқони” республика китобхонлик танлови ўтказилади.

Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма ва қўшилмаларда, учинчи босқичи Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларда ўтказилади. Якуний республика босқичида саралаш босқичларининг ғолиби бўлган ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашади. Якуний босқичнинг 4 нафар ғолиби Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг бош соврини – замонавий электромобил ҳамда диплом билан тақдирланади. Совринли ўринларни эгаллаган ҳарбий хизматчилар пул мукофотлари ва дипломлар билан рағбатлантирилади.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорларни имзолади. Янги чора-тадбирлар юртимиз тараққиёти учун юқори билим, малака ва интеллектуал салоҳиятли ҳамда ватанпарвар кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Йиғилишда, шунингдек, мудофаа вазири мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлигини кучайтириш, қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисида ахборот берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид