Жамият | 10:27 / 11.07.2024
14435
4 дақиқада ўқилади

Навоийда ИИБ ходими картасидаги пулини ўғирлатган фуқародан пора олди

Карманада яшовчи фуқаро пластик картасидаги 62 млн сўм пулини ўғирлатган. У ички ишлар органига мурожаат қилганида, вилоят ИИБ киберхавфсизлик бўлинмасининг катта тезкор ходими пулларни ким ечиб олганини аниқлаб бериш эвазига 600 доллар сўраган. Бундай ҳолатларни фош этиш бевосита хизмат вазифасига кирадиган ходим шунча пулни олган вақтида ушланган.

Видеодан кадр

Жойларда коррупция билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими Кармана туманида яшовчи фуқаронинг пластик картасидан 62 млн сўм пул маблағини ноқонуний ечиб олган шахсларни аниқлаб бериш эвазига 600 АҚШ доллари талаб қилган. Бундай ҳолатларни фош этиш катта тезкор ходимнинг бевосита хизмат вазифасига кирса-да, у жабрланувчидан сўралган пул маблағини олган вақтида ДХХ ва департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда Янгиер шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати пробация гуруҳи катта инспектори пробация назоратида турган, жорий йилнинг феврал ойида суд ҳукмига асосан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган шахсни жазони Янгиер шаҳрида ўтамаслик, Тошкент шаҳрида эркин тадбиркорлик фаолиятини олиб бориши учун ёрдам бериш, яшаш манзилини текширмаслик ҳамда чора кўрмаслик эвазига Янгиер шаҳридан 2 хонали уйни сотиб олиб, унинг номига расмийлаштириб беришини ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи беришини талаб қилади.

ДХХ ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда катта инспектор 400 АҚШ доллари ҳамда 1 млн 260 минг сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланган.

Сирдарё вилоятидаги яна бир ҳолатда, Гулистон шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғи 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг май ойига қадар ушбу корхонада электр энергияси оқимини ҳисобга олиш ва назорат қилиш муҳандиси вазифасида ишлаб келиб, савдо фаолиятини олиб боришга ихтисослашган МЧЖнинг электр энергиясидан 202 млн 500 минг сўмлик қарздорлигини танишлари орқали ҳисобдан чиқартириб бериш эвазига 90 млн сўм талаб қилган.

У 2023 йилнинг июн-декабр ойлари давомида тадбиркордан жами 78 млн сўм олган, аммо ваъдасининг устидан чиқа олмаган. У қарздорликни базадан ўчиртира олмасдан, барча олган пулларидан дастлабки 3 млн сўмни учинчи шахс орқали қайтариб берган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида фаолият юритувчи хусусий корхона раҳбари ўзининг мансабдор танишлари орқали Наманган вилоятининг Давлатобод туманида барпо этилаётган “Янги Наманган шаҳарчаси”ни ичимлик суви билан таъминлаш учун Косонсой шаҳридаги сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш лойиҳасини тендер савдоларида ютиб бериш эвазига тадбиркордан 4 млрд сўм талаб қилган. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув давомида, Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари ушбу ноқонуний ишга алоқадор эканлиги аниқланиб, у ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мавзуга оид