Ўзбекистон | 18:40 / 02.05.2016
20188
4 дақиқада ўқилади

ТДЮУ талабаларининг билимларини баҳолаш тартиби белгиланди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигининг қўшма қарори (АВ томонидан 22.04.2016 йилда 2780-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг модуль тизими шароитларида талабалар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
 
Университет талабалари билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг мақсади юқори малакали, рақобатбардош, мамлакатда ўтказилаётган демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг юқори талабларига, замонавий халқаро стандартларга жавоб бера оладиган юридик кадрларни тайёрлаш ҳамда талабаларда мустақил таълим олиш, таълим сифатини бошқарган ҳолда юридик фаолиятнинг тегишли соҳаларида тизимли таҳлил қилиш ва бошқарув кўникмаларини ривожлантириш, талабаларнинг модулларни ўзлаштиришида бўшлиқлар ҳосил бўлишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.
 
Модуллар бўйича талабалар билимини семестр давомида баҳолаб бориш назорат жадваллари ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.
 
Модуль - алоҳида ўқув фани (унинг қисми) бўлиб, ўзида билимга оид ҳамда касбий жиҳатларни қамраб олади ва талабанинг фан дастурини ўрганиши натижасида шаклланган билим, кўникма ва малакаларини назорат қилишнинг тегишли тури билан якунланади.
 
Университетда жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари ўтказилади. Ҳар бир тур бўйича зарур маълумотлар педагог ходим томонидан биринчи машғулотда талабаларга эълон қилинади.
 
Жорий назорат талабанинг модуль мавзулари бўйича билими ва амалий кўникма даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади.
 
Модулнинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда модулнинг бир семестрда ўқитиладиган бир-бирига боғлиқ мавзулари кафедра томонидан учтадан кўп бўлмаган блокларга бирлаштирилади. Ҳар бир блок мавзуси доирасида жорий назорат семинар, амалий машғулот ва лаборатория машғулотларида ўтказилади. Модулнинг ҳар бир мавзулар блоки ўқитиладиган охирги куни педагог ходим блокли жорий назоратни якунлайди ва ушбу рейтинг назорати тури бўйича талабаларнинг балларини қўяди.
 
Оралиқ назорат семестр давомида модуль ўқув дастурининг тегишли бўлими тугагандан кейин талабанинг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади. Барча модуллар бўйича оралиқ назорат ёзма иш шаклида семестр давомида 1 маротаба ўтказилади.
 
Бакалавриат талабасининг оралиқ ёзма ишининг ҳажми:
 
1-курсда — камида 1 000 сўздан;
 
2-курсда — камида 1 500 сўздан;
 
3-курсда — камида 2 000 сўздан;
 
4-курсда — камида 2 500 сўздан иборат бўлиши шарт.
 
Якуний назорат муайян модуль бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларнинг талабалар томонидан ўзлаштириш даражасини баҳолаш усули ҳисобланади. Якуний назорат семестр якунида ёзма имтиҳон шаклида ўтказилади.
 
Талабанинг ҳар бир модуль бўйича ўзлаштириш даражаси талабаларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолашнинг рейтинг тизими бўйича 100 баллик тизим асосида амалга оширилади.
 
Баллар қуйидагича тақсимланади:
 
жорий назорат — 30 балл;
 
оралиқ назорат — 20 балл;
 
якуний назорат — 50 балл.
 
Талабанинг модуль бўйича тўплаган баллари семестр якунида назорат турлари бўйича жамловчи рейтинг қайдномасига киритилади. Талабанинг семестр (курс) бўйича умумий рейтинги барча модуллар бўйича тўплаган рейтинг балларини қўшиш йўли билан аниқланади.
 
Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 25.04.2016 йилдаги 16-сонида расман эълон қилинган кундан кучга кирди.
 
 
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
 
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юрист  Елена ЕРМОХИНА тайёрлади.

Манба: norma.uz

Мавзуга оид