АҚШ ҳукуматининг «Грин кард» ёки «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» лотереяси натижалари билан 3 май куни Тошкент вақти билан 21:00 дан эътиборан онлайн тартибда танишиш мумкин бўлди.

Green Card ўзи нима? Бу – Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат. Уни қўлга киритишнинг турли йўллари мавжуд, жумладан, лотореяда ғолиб бўлиш. Ушбу лоторея АҚШ Давлат Департаменти томонидан йилда бир марта расман ўтказилади.

Америка ҳукумати «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» дастури орқали 50 минг нафар доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визалар ажратади. Визалар сўнгги беш йил мобайнидаги АҚШга иммиграция кўрсаткичлари асосида олти минтақавий ҳудуд орасида тақсимланади; бунда иммиграция кўрсаткичлари паст бўлган ҳудудларга кўпроқ визалар миқдори белгиланади.

Green Card лотореяси жавоблари баҳорда, тўғрироғи май ойининг бошида маълум бўлади. Унда иштирок этиш учун аввалги қабул қилиш даврида (муддати, одатда, октябрь охири ёки ноябрь бошида тугайди) ариза топшириш керак. 

Лоторея ўйинини АҚШ Давлат Департаменти бўлимларидан бири бўлмиш Kentucky Consular Center (KCC) ўтказади. Айнан KCC лолтореяни ташкиллаштиради ва ғолиблар билан ишлайди.  

Ўтган галги Green Card лотореясида 5091 нафар ўзбекистонлик ғолиб бўлган. Шу пайтгача эса 28245 нафар одам лотореяда ютиб чиққан. 
Хўш, ўйинда иштирок этганлар жавобларни қандай билишлари мумкин? 

Ариза топширилган пайтда тақдим этилган ариза рақами (Confirmation Number) орқали расмий https://www.dvlottery.state.gov/ сайтида аниқлаш мумкин. 
https://www.youtube.com/watch?v=sZSjGXOusVY манзилида эса видео кўринишида кўрсатма берилган. 

Ариза рақами 16 белгидан иборат бўлади. Агар сиз ариза рақамингизни билмасангиз, уни текшириш мумкин эмас. Ариза рақами ҳар бир иштирокчида бўлади, агар уни йўқотиб қўйган бўлсангиз, https://www.dvlottery.state.gov/ сайтида қайта тиклаш мумкин. 

Ариза рақамини (Confirmation Number) ғолиблик рақами (Case Number) билан адаштирмаслик лозим. 

Ғолиблик рақами 14 белгидан иборат, биринчи 4 сон – бу лоторея рақами, кейин минтақани англатувчи 2 та ҳарф (масалан, UZ), кейин бир нечта ноль ва охирида ғолибнинг тартиб рақами.