27 ноябрь АҚШ президенти Доналд Трамп ўз маъмурияти «барча Учинчи дунё мамлакатларидан» миграцияни доимий равишда тўхтатишини айтди. Бу баёнот Оқ уй яқинидаги ҳужумдан сўнг янграмоқда.
Трамп – қайси давлатларни назарда тутганини, «Учинчи дунё мамлакатлари» ёки «доимий тўхтатиш» иборалари нимани англатишини тушунтирмади, деб ёзмоқда Reuters.
«Мен АҚШ тизими тўлиқ тикланиши учун барча учинчи дунё мамлакатларидан миграцияни доимий равишда тўхтатаман. Байден томонидан имзоланган миллионлаб ноқонуний киришларни бекор қиламан, жумладан ‘Уйқудаги Жо Байденнинг автопениʼ билан тасдиқланганларини ҳам. Шунингдек, АҚШга фойда келтирмайдиган ҳар қандай кишини чиқариб юбораман,» — деди Трамп Truth Social'даги постида.

Бундан ташқари, Трамп АҚШ фуқароси бўлмаган шахсларга барча федерал имтиёзлар ва субсидияларни тугатишини айтди. Шунингдек, у «ички осойишталикка путур етказадиган мигрантларни фуқароликдан маҳрум қилишини» ва «хавфсизликка таҳдид ёки «Ғарб цивилизациясига мос бўлмаган» хорижий фуқароларни АҚШдан депортация қилишини билдирди.
Оқ уй ва АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати Трампнинг таҳдидлари бўйича ОАВ сўровга ҳозирча изоҳ бермаган.
Аввалроқ, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги (Homeland Security) расмийлари Байден даврида тасдиқланган барча бошпана ишлари ва 19 давлат фуқароларига берилган «Green card»ларни кенг кўламда қайта кўриб чиқиши айтган. Бу буйруқ ҳам Трампдан келган.
CNN нашри «ташвиш уйғотувчи давлатлар» сифатида кўрилаётган 19 та давлатлар қайсилар эканини сўраган. АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати эса CNN'га, июнь ойидаги президент фармонида келтирилган 19 давлатга ишора қилди.
Бу 19 давлат қуйидагиларни ўз ичига олади: Афғонистон, Бирма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Яман, Бурунди, Куба, Лаос, Сиэрра-Леон, Того, Туркманистон ва Венесуэла.
Фуқаролик ва иммиграция хизмати кейинроқ баёнот бериб, мазкур 19 давлатдан келаётган муҳожирларни текширишда энди «салбий, мамлакатга хос омиллар» ҳам инобатга олинишини айтди. Бу омилларга, хусусан, мамлакатнинг «шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни хавфсиз чиқариш қобилияти» киради.








