Вашингтондаги отишмадан сўнг Оқ уй маъмурияти «юқори хавфли» 19 мамлакат фуқароларидан грин карта ёки АҚШ фуқаролигига аризалар қабулини музлатди. Энди ушбу давлатларнинг АҚШга олдинроқ келган фуқаролари ҳам «чуқур текширув»га олинади. Ички хавфсизлик вазирлиги рўйхатга киритилган давлатлар сонини 32 тагача кенгайтирмоқчи.
Ўзгаришлар 2 декабрь куни АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматлари веб-сайтига жойлаштирилган сиёсий меморандумда баён қилинган. Мазкур агентлик иммиграцион имтиёзлар бўйича барча аризаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш ваколатига эга, деб ёзмоқда Associated Press нашри.
Ушбу қарор Трамп маъмурияти «юқори хавфли» деб таърифлаган 19 мамлакат фуқаролари учун грин карта аризалари ёки фуқароликка қабул қилиш каби кенг кўламли иммиграция қарорларини музлатиб қўяди. Меморандумда айтилишича, ушбу «пауза»ни қачон бекор қилиш Иммиграция хизмати директори Жозеф Эдлоу ихтиёрига боғлиқ.
Оқ уй маъмурияти жорий йил июнь ойида миллий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирларни тилга олиб, 12 мамлакат фуқаролари учун АҚШга киришни тақиқлаган ва яна етти мамлакат фуқаролари учун киришни чеклаган эди.
Ушбу 19 давлат қаторига: Афғонистон, Мянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Яман, Бурунди, Куба, Лаос, Сиэрра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла киради.
Олдин, ушбу 19 давлатдан АҚШга кирган муҳожирларга нисбатан ҳеч қандай чоралар кўрилмаган эди. Аммо эндиликда АҚШда ҳозир бўлган шу мамлакат фуқаролари — улар қачон келганидан қатъи назар янада чуқур текширув остига олинади.
Шу билан бирга, Байден администрацияси даврида мамлакатга кирган муҳожирлар учун «тасдиқланган имтиёз сўровлари»нинг барчаси бўйича текширув ўтказилади.
АҚШ расмий идоралари ушбу кучайтирилган назоратни – Афғонистон фуқароси бўлган шахс томонидан икки Миллий гвардия аскарига қилинган ҳужум билан изоҳлади. Оқ уй яқинидаги отишма оқибатида Миллий гвардия аскарларидан бири ҳалок бўлган ва бошқаси оғир яраланган эди.









