Спорт | 16:36 / 13.05.2016
21594
2 дақиқада ўқилади

Руслан Чагаевга WBA жаҳон чемпионлиги қайтариб берилди

Бутунжаҳон бокс ассоциациясининг ўта оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони ўзбекистонлик Руслан Чагаев навбатдаги жангини пуэрторикалик Фрес Окендога қарши ўтказиши керак, дея хабар қилмоқда ТАСС агентлиги Чагаев менежери Тимур Дугазаевга асосланган ҳолда.

"12 май куни бизга Браун унвонидан маҳрум этилгани ва ярим йилга четлатилгани тўғрисидаги уюшма резолюцияси етиб келди. Руслан ҳозирда Америкада. Ассоциация бизга Окендо билан жанг шартларини келишиб олишимиз учун 3 ой берди. Русланда оғир вазнлилар турнирининг финалига чиқиш учун яхши имконият бор, шу боис ишлашда давом этиш керак", деган Дугазаев.

WBA ўта оғир вазндаги жаҳон чемпионлиги белбоғини Чагаевга қайтарган, унинг эндиликда собиқ соҳиби австралиялик Лукас Браун допинг истеъмол қилгани учун олти ойга боксдан четлаштирилган. Брауннинг "Б" допинг пробаси натижаси ошкор қилингач, шундай қарор қабул қилинган эди. 

Браун 5 март куни WBA чемпионлиги учун Грозний шаҳрида бўлиб ўтган жангда ўзбек боксёри Руслан Чагаевни 10 раундда техник нокаут билан мағлуб этган эди. Кейинчалик Брауннинг ўйиндан кейин топширган допинг текшируви кленбутеролга ижобий натижа берган. Австралиялик боксчи жангдан олдинги допинг текшируви салбий чиққанига асосланган ҳолда Грознийга "тоза" келганини таъкидлаганди. Кейинчалик боксчи, "Б" допинг идишини очишни талаб қилган, у ҳам спортчида тақиқланган модда борлигини исботлаган эди.