Нью-Йоркдаги визажист аёл тўлғоқ вақтида пардоз қилди
Нью-Йоркда истиқомат қилувчи Алаха Маджид туғруққа отланаётиб, одатда бўлажак оналар учун керакли буюмлар билан биргаликда 35 хил рангли кўз учун тен, контур қаламлар, улама киприк ва бошқа керакли воситаларни сумкасига солди.
Тўлғоқ вақтида пардоз қилиб олган Алаха Мажид ўзи дунёга келтирган қизи билан чиройли ва мафтункор қиёфада учрашди.
27 ёшли тажрибали визажист (пардозчи) Алаха Маджид ўз ишига муккасидан кетганлиги боис, ҳаётидаги муҳим дақиқаларда ҳам пардоз қилиб, мафтункор кўринишни истаганлиги ажабланарли ҳол эмас.
Алаха туғуруқ ўриндиғига жойлашиб олиб, жасорат билан юзига косметик воситаларини сурди ва ушбу жараённи инстаграмдаги ўз саҳифаси орқали жойлаштиришни ҳам унутмади.
Суратларнинг бирида тўлғоқнинг нақадар оғриқли кечганлиги, бўлажак онанинг азоб чекаётиб ҳам пардоз қилишга урингани, тўлғоқ зўридан пардозни охирига етказиш вазифасини Алаханинг турмуш ўртоғи ўз зиммасига олганлигини кўриш мумкин.
Алаха қизалоғи София Алайя Каримийни кечги соат 19:00да, ана шундай ноодатий тарзда дунёга келтирди.
Ўзининг маълум қилишича, туғруқ вақтида севимли машғулоти билан шуғулланганлиги унинг тўлғоқ азобидан чалғишига ёрдам берган.
Суратдан кўриниб турибдики, гарчанд Алаха биринчи фарзандини дунёга келтирган бўлса-да, пардознинг пишиқлигидан юзида тўлғоқ азоблари сезилмаган.