Euromonitor International томонидан “Чой ёки қаҳва? Қайси мамлакатларда бу ичимликларга хоҳиш бор?” мавзуида сўров ўтказилганди. Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 99,6 фоизи чой истеъмол қилишга мойил экани ойдинлашган. Гватемала аҳолисининг 99,6 фоизи эса қаҳвани афзал кўрган. Жаҳон мамлакатларида ўтказилган тадқиқот натижалари The Independent нашрида эълон қилинди. Чойни афзал кўрувчи мамлакатлар сафидан Кения (99,2 фоиз), Озарбайжон (99,1 фоиз), Покистон (99 фоиз), Хитой (98,9 фоиз) ва Миср (98,5 фоиз) ўрин олган. Қаҳвани эса Доминикан Республикаси (99 фоиз), Бразилия ва Эквадор (97,4 фоиз), Греция (96,8 фоиз) ва Дания (92,2 фоиз) аҳолиси яхши кўриши маълум бўлди. Россия аҳолисининг 77,5 фоизи чойни, 22,5 фоизи эса қаҳвани яхши кўрар экан. Буюк Британияда эса аҳолининг 78,4 фоизи чой ичишни маъқул кўриши аён бўлган.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳар куни дунё бўйлаб одамлар ўз хоҳишларига қараб 1 миллиард 600 минг чашка қаҳва ва бундан икки баробар кўп чой ичишади. Бугунги кунда дунё олимлари ўртасида “чой афзалми ёки қаҳвами?” деган савол кенг муҳокамалар мавзусига айланган. Кимдир инсон организми учун чой афзал деса, бошқа томондагилар қаҳванинг афзалликлари борасида соатлаб гапириши мумкин. Буюк британиялик ёзувчи Жорж Оруэлл ёзганидек, “чой Британиядаги цивилизациянинг устунларидан биридир”. Тадқиқот натижаларига кўра, ҳар икки ичимлик эксперимент иштирокчиларининг кайфиятига бир хил таъсир кўрсатиши аниқланди. Лекин уйқу олдидан қаҳва ичиш мақсадга мувоффиқ эмаслиги билдирилди.

Буюк Британиянинг Саррей графлиги университети олимлари ўтказган тадқиқотларга қараганда қаҳва ичиб тўшакка чўзилган одамларнинг кўзига уйқу келиши қийин бўлар экан. Бундан кўриниб турибдики, чойнинг қаҳвага нисбатан афзалликлари бор. Уйқу олдидан ичилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда чой сўзсиз қаҳвани сиқиб чиқаради. Шу сабабли тунда телевизор кўрмоқчи ёки ишламоқчи бўлганларга қаҳва ичиш тавсия қилинади. Кун бўйи ишлаб, тунда яхши ором олмоқчи бўлганларга эса чой ичиш маслаҳати берилади. Аммо тиш шифокорларининг фикрича, қаҳвага нисбатан чой тишларни кўпроқ сарғайтиради. Бироқ Англияда чой асабларни тинчлантириб, ақл ривожига хизмат қилиши таъкидланади. Яъни, мунтазам чой ичиб юрувчиларнинг ҳамиша босиқ экани тан олинади. Қаҳва ичиб юрувчилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Олимлар чой ҳам, қаҳва ҳам юракка деярли таъсир кўрсатмаслигини айтишар экан, қаҳванинг юракка сал бўлса ҳам фойдаси борлигини қайд этишади. Чой эса саратон касалликларидан ҳимоя қилади. Кўк ва қора чой таркибида инсон организми учун фойдали ва табиий бўлган маҳсулотлар борлиги аниқланди.
Шифокорлар имкон борича халталарга қадоқланган чойларни ичмасликни маслаҳат беришади. Чунки уларга ранг ва таъм берувчи кимёвий қўшимчалар солинади. Халтали чойлардан бўғим ва суяклар зарар кўриши аниқланган. Қаҳвани мунтазам ичиш юрак қон томири хасталикларига олиб келади. Альцгеймер касалиги хавфини ортиради. Шу сабабли, қаҳвадан кўра чой афзалроқ деган қарашлар бор. Энг яхшиси баргли чой истеъмол қилган яхшироқ ҳисобланади.



















