Жамият | 18:03 / 28.05.2016
9862
2 дақиқада ўқилади

Майкл Дуглас ҳаётидаги қора кунлар ҳақида гапириб ўтди

Таниқли Ҳолливуд актёри Майкл Дуглас Fox News телеканалига берган интервьюсида ҳаётидаги энг оғир дам ҳақида сўзлаб берди - бу унга ўта хавфли касаллик ташхиси қўйилган бир вақтда ўғлининг қамоққа тушган пайти.

Актёрнинг ҳаёти ва карьерасида бурилиш ясаган даврлар ҳақида сўз юритар экан, журналист унга "Ҳаётингиздаги энг қоронғу кунлар қайси?" деб савол берди.

"Ҳозирда 37 ёш тўнғич ўғлим Кэмерон бир пайтлар героинга қарам бўлиб, охир-оқибат қамоққа тушди. Унга қамоқ жазоси тайинланганда, менинг юрагим чилпарчин бўлди. Боз устига ўша пайт менга саратон ташхиси қўйилди. Шу икки ҳодисанинг бир вақтда юз бергани мен учун жуда оғир кечди", - деб жавоб қайтарди Дуглас. 

Саратондан даволанган актёр матбуотнинг "у узоғи билан уч ой яшаши" тўғрисидаги хабарларини инкор қилди. "Одамлар менга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашади. Ҳаммаси жойида, мен ўзимни яхши ҳис этмоқдаман", - таъкидлади Дуглас жилмайиб. 

Бутун дунёга машҳур актёр ҳозир 71 ёшда. У икки марта "Оскар" ва бошқа бир қатор нуфузли мукофотларга сазовор бўлган. Актёрнинг ҳисобида 80дан ортиқ фильм бор.