АҚШда машҳур спортчи отиб ўлдирилди
АҚШ Миллий баскетбол ассоциациясининг (МБА) «Нью-Орлеан Пеликанс» жамоаси баскетболчиси Брайс Дежан-Жонс ўқотар қуролдан узилган ўқдан жароҳатланиб ҳалок бўлди. У қорин қисмига отилган ўқ оқибатида вафот этган. Ҳодиса Даллас шаҳрида юз берган. Бу ҳақда ESPN cайтида хабар қилинган.
Манбанинг маълумотига кўра, ушбу фожиа 23 ёшли баскетболчи шаҳардаги хонадонлардан бирининг эшигини тепиб, ичкарига кирганида содир бўлган. Шовқиндан уйғонган хонадон эгаси спортчига қарата тўппончадан ўқ узган.
Спортчининг агенти Скотт Николснинг маълум қилишича, уйга зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилган, лекин спортчининг ҳаётининг сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган, у шифохонада ҳаётдан кўз юмган.
Брайс Дежан-Жонс шу йилнинг январь ойида МБАда ўз дебютини ўтказган эди. Февраль ойида эса у «Нью-Орлеан Пеликанс» билан бир неча йиллик шартномага имзо чекканди.