Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълумотига кўра, унинг Учқўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул шахслари ҳамда бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари ўрганилган.

Текширувда аниқланишича, улар ўзаро тил бириктириб, Меҳнатобод ва Деҳқонобод маҳаллаларидаги хонадонларда мактабгача таълим ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Мазкур боғчалар амалда фаолият юритмаган бўлса-да, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилган. Шу асосда 1,3 млрд сўмлик субсидия маблағлари ажратилиб, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилингани қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, 207-моддаси — мансабга совуққонлик билан қараш ҳамда 209-моддаси — мансаб сохтакорлиги билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.