Ёнғин ҳақида 6 октябр куни «Сириус» федерал ҳудуди маъмурияти раҳбари Дмитрий Плишкин маълум қилди.

Россия Транспорт вазирлиги баёнотига кўра, Либерия байроғи остида нефт ташиётган танкерга экипажсиз катерлар ҳужум қилган. Вазирлик денгиз акваториясида нефт ёнаётганини билдирган.

Идоранинг тушунтиришича, қутқарув кемалари танкерга хавфсиз яқинлаша олиши учун оловнинг шиддати пасайишини кутиш зарур. Шундан кейингина ёнғинни ўчиришга киришиш мумкин бўлади. Вазирлик ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун етарли куч ва воситалар борлигини таъкидлаган.

Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, экипажнинг барча 23 аъзоси Ҳиндистон фуқаролари бўлиб, улар қутқарилган. Дастлаб Mash Telegram-канали икки киши жабрланганини хабар қилган эди. Бироқ вазирликнинг кейинги баёнотида дастлабки маълумотларга кўра жабрланганлар йўқлиги айтилган.

Astra нашрига кўра, AFRAMAX RIO 100 минг тоннагача нефт ташиш имкониятига эга. Mash танкер Новороссийскдан Ҳиндистонга хом нефт олиб кетаётганини ва деярли тўлиқ юкланганини ёзган. Бу маълумотлар каналга таяниб келтирилмоқда.

The Insider нашри кеманинг Россия «соя флоти»га алоқадор бўлиши мумкинлигини билдирган. DW маълумотига кўра, танкер Европа Иттифоқи ва АҚШ санкция рўйхатларига киритилмаган, аммо Украина унга нисбатан чекловлар жорий қилган.

Ҳодиса Қора денгизда кемаларга ҳужумларни тўхтатиш бўйича аввалги таклифлар фонида юз берди. Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан 8 августда Анқара Россия ва Украинага денгиздаги кемаларга зарбалар беришга мораторий жорий этишни таклиф қилганини айтган эди.

Бироқ 14 августда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова Москва бундай сулҳга рози бўлиш учун асос кўрмаётганини билдирган. У Туркиядан расмий мурожаат келмаганини ҳам таъкидлаган.