Спорт | 16:11 / 03.06.2016
3624
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Платини ФИФАнинг янги санкциялари эҳтимолидан қўрқиб Евро–2016 ўйинларига боришдан бош тортди

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) президенти, франциялик Мишель Платини Францияда бўлиб ўтадиган Европа чемпионати ўйинларига ташриф буюрмайди. Бу ҳақда DPA хабар тарқатган.

Аввалроқ Франция футбол федерацияси Мишель Платинини Европа чемпионатига таклиф қилиш истагини билдирган эди.

Манба маълумотига кўра, Платини ФИФАнинг Ахлоқ қўмитаси томонидан қўлланиши мумкин бўлган янги санкцияларга тушиб қолмаслик учун Евро–2016га ташриф буюрмайди. 

У УЕФА раҳбари лавозимини 14 сентябрь куни, ташкилотнинг Афинада бўлиб ўтадиган конгрессида расман тарк этишини маълум қилган.

Платини 2007 йилдан буён УЕФАни бошқариб келаётганди.

Ўтган йили ФИФА билан боғлиқ можаролар доирасида 2011 йили ФИФАнинг собиқ президенти Йозеф Блаттер Мишель Платинига 2 млн Швейцария франки миқдоридаги маблағни ноқонуний равишда ўтказиб бергани аниқланди. 2015 йилнинг декабрь ойида Блаттер ва Платини 8 йил муддатга футбол фаолиятидан четлаштирилди. Кейинчалик, 2016 йилнинг февралида Платинининг дисквалификацияси муддати 6 йилга қисқартирилди. Платини Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж суди (CAS)га четлаштириш муддатини қисқартириш бўйича яна апелляция берди. Май ойида унинг апелляцияси қисман қондирилди – дисквалификация муддати олти йилдан тўрт йилгача, жарима миқдори 80 мингдан 60 минг еврогача туширилди.

Евро–2016 турнири 10 июндан 10 июлга қадар бўлиб ўтади.