Жамият | 16:04 / 28.06.2016
13145
2 дақиқада ўқилади

Леди Гага Далай-Лама билан учрашганидан сўнг Хитойнинг "қора рўйхати"га тушди

ХХРда америкалик қўшиқчи Леди Гаганинг композицияларига тақиқ қўйилди. Бу ҳақида The Guardian маълум қилди. 

Хитой Коммунистик партияси ташвиқот бўлими қўшиқчининг номини "ташқи душман кучлари" рўйхатига киритди, шунингдек Хитойда унинг репертуарини умуман тақиқлади. ОАВ ва веб-сайтлар Леди Гаганинг қўшиқлари ман қилинганлиги тўғрисида хабардор қилинди. 

Тақиқнинг бош сабаби қўшиқчининг тибет буддистлари маънавий етакчиси Далай-Лама билан учрашганидадир. Учрашув 26 июнь куни Американинг Индианаполис штатида бўлиб ўтди, диний раҳнамо бу ерга ўзининг жаҳон бўйлаб уюштирган хайрия турнеси доирасида етиб келган. 19 дақиқа давом этган учрашув чоғида раҳм-шафқат, адолатсизлик билан курашиш, шунингдек руҳий саломатлик ва ҳатто йога мавзуларига тўхталиб ўтилди.  

Қўшиқчи билан суҳбатлашар экан, Далай-Лама ўз ёши ва ҳаётий тажрибасига эътиборни қаратди: "Мен 81 ёшли, етарлича катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган - сиздан-да кўпроқ тажрибага эга инсонман".

Бунга Леди Гага ҳазил тариқасида жавоб қайтарди: "Сиз буни билмас эдингиз, аслида мен сиздан анча каттаман". 

Коммунистик партия назорати остидаги CCTV телекомпанияси ҳамда «Жэньминь жибао» ва Global Times газеталарига Леди Гага ва Далай-Лама учрашувини танқид қилиш буюрилди. 

"Унинг бошқа мамлакатларга ташрифидан мақсад - Тибет мустақиллиги ғоясини илгари суриш. Ўйлаймизки, халқаро ҳамжамият вакиллари унинг асл мақсадидан яхши хабардорлар", - дея таъкидлади Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили. 

 

Фото:Kevin Mazur/(Credit too long, see caption)

Мавзуга оид