Бугун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жамиятнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси тизимида ҳам бу борада кўплаб амалий ишлар қилинмоқда.
Тизимда пахта хомашёсини қабул қилишдан бошлаб, уни қайта ишлаш, сақлаш ва сотишгача бўлган барча жараёнларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида электрон ҳисобот ва назорат тизимини яратиш ва жорий қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
“Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида фермер хўжаликларидан келтирилаётган пахта хомашёсини тўғри ва тезкор ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда савол туғилади: мазкур янги техник воситаларнинг абзаллиги нимада? Механик автомобиль тарозиларини электрон тарозиларга алмаштириш орқали қандай натижаларга эришилади?
Мутахассисларининг таъкидлашича, пахта электрон тарозиларда тортилганда “инсон омили”нинг таъсири туфайли объектив ва субъектив сабабларга кўра, хатолар эҳтимоли бартараф этилади, ноқонуний хатти- ҳаракатларга барҳам берилади, фермер хўжаликлари томонидан келтирилган пахтани ўлчаш вақти камаяди, аниқлиги ошади, шаффофлик таъминланади, хомашёнинг сифат кўрсаткичлари борасидаги тезкор маълумотлар олинади.
“Авваллари пахтани механик тарозида тортилганда пахтани олиб кириш ва бўшаган тиркамаларнинг олиб чиқиб кетилгунигача бўлган ҳамма ҳужжатлар қўлда тўлдириларди. Бунда ҳам объектив ва субъектив сабаблар туфайли турли хатоликлар юзага келиш эҳтимоли юқори эди. Бу ҳам ортиқча вақт, ҳам турли овворагарчиликларни келтириб чиқарарди. Янги технологиянинг жорий қилиниши эса бу муаммоларни бартараф этади. Инсон омилининг таъсири бўлмайди. Аввалгидек, тарозибонга ҳам хожат йўқ. Барчаси рақамли технологиялар асосида амалга оширилади. Фермер ёки унинг вакили барча жараённи бевосита ўрнатилган табло орқали кузатиб туриш имконига эга бўлади. Механик тарозиларни электрон тарозиларга алмаштириш билан пахтани ўлчашдаги аниқлик ошади, ўлчаш вақти қисқаради. Ҳаммаси тез ва осон битади”, дейди “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси Ишлаб чиқариш фаолиятини мувофиқлаштириш ва ягона техник сиёсатни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи Илҳом Сабиров.
Айтиш керакки, мазкур янги ўлчов ва текширув ускуналарини ўрнатиш ишлари “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ва бир неча ҳамкор корхоналар томонидан ишлаб чиқилган тармоқ жадвали асосида йўлга қўйилган. Ҳозирда бу жараёнга мазкур соҳада катта тажрибага эга бўлган 3 та компания жалб қилинган.








