Жаҳон | 00:19 / 17.08.2016
4900
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг Луизиана штатидаги тошқинларда 8 киши ҳалок бўлди

Фото: © EPA

АҚШнинг Луизиана штатидаги тошқинларда ҳалок бўлганлар сони 8 кишига етди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди. 

Аввалроқ 6 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Штатнинг соғлиқни сақлаш департаменти вакили Саманта Фолкнернинг айтишича, яна икки жасад Ист-Батон-Руж округида сувдан чиқариб олинган.
Фолкнернинг айтишича, тошқин ҳудудидан эвакуация қилинган одамлар сони 20 мингдан ошиб кетган. 11 мингга яқин одам махсус бошпаналарга жойлаштирилган. Табиий офат оқибатида асосан шиддатли оқим гирдобида қолиб кетиб, ўз машиналаридан чиқа олмаган ҳайдовчилар ҳалок бўлган. 

Штат губернатори Жон Эдвардс 12 августда фавқулодда вазият тартибини киритди, у 10 сентябргача давом этади.
Тошқинлар АҚШ жанубида ўтган ҳафта ўрталаридан бери тўхтамаётган жалалар оқибатида юз берган. Штатдаги кўпчилик дарёлар ўзанларидан чиқиб кетган. Кўпчилик аҳоли пунктларида кўчалар, уйлар ва дўконларнинг пастки қаватлари, транспорт воситалари томигача сув остида қолган. 

Маҳаллий ҳукумат ўз ихтиёрида бўлган барча сузиш воситаларини сафарбар қилган ва тўхтовсиз келаётган сув йўлида ғовлар барпо этмоқда.