Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти пойтахтнинг Оболон, Шевченко ва Подол туманларида ҳужум оқибатлари қайд этилганини билдирди. Оболон ва Шевченко туманларида нотурар бинолар, Подол туманида эса омборхоналар зарарланган.
Дарница туманида очиқ ҳудудга ва гаражлар кооперативи атрофига парчалар тушган. Киев мэри Виталий Кличко маълумотига кўра, гаражлар ҳудудида ёнғин чиққан ва икки кишининг жасади топилган.
Днипро шаҳрида саноат корхонасига зарар етган. Днипропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа дастлаб жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилаётганини билдирган.
Запорижжяда транспорт инфратузилмаси объекти зарбага учраган. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Михаил Семикин айрим йўл участкаларида ҳаракат вақтинча чекланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Полтава вилоятининг Кременчуг шаҳри ҳам ҳужумга учраган. Вилоят маъмурияти маълумотига кўра, ракета турар жой ҳудудига тушиб, кўп қаватли уйларга зарар етказган. Кременчуг туманидаги корхоналардан бири ҳам зарбага учраган.
Ҳужум фонида Полша эрталаб ҳарбий авиациясини ҳавога кўтарган. Мамлакат қуролли кучлари Оператив қўмондонлиги ердаги ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва радиолокация разведкаси ҳам юқори шайлик ҳолатига ўтказилганини маълум қилган.
Қўмондонлик бу чоралар эҳтиёт мақсадида кўрилганини таъкидлаган. Улар Полша ҳаво ҳудудини, айниқса, жанглар кечаётган ҳудудларга яқин жойларни ҳимоя қилишга қаратилган.
Бир кун аввал Украина президенти Володимир Зеленский разведка Россия янги кенг кўламли ҳужумга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олганини айтган эди. 7 октябрга ўтар кечаси Украина ҳарбийлари қанотли ракеталар ташишга қодир Ту-95 ва Ту-160 стратегик бомбардимончи самолётлари ҳавога кўтарилганини ҳам қайд этган.
Ҳужум оқибатлари ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
















