АҚШ президентлиги учун Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп рафиқаси Мелания Трамп адвокатлари Daily Mail нашри устидан судга мурожаат қилишган. Бунга нашрнинг ўтган аср 90-йилларида Меланиянинг эскорт агентлигида ишлагани тўғрисидаги иддаолари сабаб бўлган, деб ёзмоқда The Guardian газетаси.
Бундан ташқари, Трамп хоним, Daily Mail нашрини Меланиянинг 90-йиллардаги муҳожирлик мақоми юзасидан жавобгарликка тортиш ниятида.
«Бу каби баёнотлар 100 фоиз ёлғон, туҳмат бўлиб, унинг обрўсига путур етказиш билан бирга ҳақорат ҳамдир», — дейилади судга топширилган мурожаатда.
Ҳужжатда таъкидланишича, Мелания президентлик пойгалари чоғида ОАВнинг эркинлигини қабул қилади, бироқ бундай очиқча ёлғонлар рухсат берилган чегаралардан ошиб кетган.