Блогер Беҳзод Қобулов ўз блогида Рио-2016 қаҳрамонларидан бири, бекободлик боксчи Фазлиддин Ғоибназаровнинг хонадонидан уюштирилган репортажни тақдим этди.

Қуйида пост муаллиф розилиги билан қайта нашр этилган.

Бекобод шамоли Бразилияда эсди

Фазлиддин Ғойибназаровнинг олтин медаль олгани ҳақидаги хушхабар бир зумда юртимиз бўйлаб ёйилди. Бозор-у гузарларда ўзгача сурур, иштиёқ, кўтаринки руҳ пайдо бўлди. "Кўрдингми, мана бундоқ қилиб туширди!" дейди завққа тўлган боболар бир-бирига.

Йўлдаги ўйлар

Бекобод фарзанди Фазлиддин Ғойибназаров Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларининг бокс бўйича вазни 64 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги ҳал қилувчи баҳсда озарбайжонлик Лорензо Коллазо Сотамайорни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди ва чемпионатнинг олтин медали билан тақдирланди.

Ғолиб спортчи шарафига ватан байроғи кўтарилиб, мадҳия янграганда, унинг кўзларидан оққан қувонч ёшлари нафақат бекободликларни, балки бутун ўзбек халқини ҳаяжонга солди. Зеро, Олим­пиада ўйинларидек нуфузли мусобақада беш жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонишнинг ўзи бўлмайди. Буни спорт билан шуғулланганлар яхши билади.

2015 йилнинг 6-15 октябрь кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрида бокс бўйича ўтказилган XVIII Жаҳон чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланиб, ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритган вилоятимиз вакили Фазлиддин Ғойибназаров мухбиримизга берган интервьюсида Рио Олимпиадасидан албатта медаль билан қайтишини айтган эди. Мард ва жасоратли ўғлон ўз сўзининг устидан чиқди. У нафақат медаль билан, балки бокс тарихига ўзининг, Ватанимизнинг номини зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қайтди.

Шундай ўйлар оғушида, обод манзиллар, сўлим боғ-роғлар оралаб Бекобод шаҳрига етиб келдик. Йўлда учраган дастлабки кишидан сўраймиз: "Чемпионни уйи қайси томонда?". "Бораверинг, тўғри кетаяпсизлар, ўша томонда" дейди йўловчи мамнун кулимсираб. Воқеан, унинг шу бир оғиз сўзи дилга яна ажиб бир чўғ ташлади. "Ҳа, энг тўғри йўл – Ватанга шараф келтирадиган йўл", деб ўйладик.