Газетанинг навбатдаги сони чиққан куни таҳририятга қўнғироқ бўлди. Бир мақола учун интервью берган мутахассис муаллиф билан гаплашмоқчилигини айтди.  Ҳамкасбим гўшакни олди, суҳбатдоши  баланд овозда норозилигини айта бошлаганида бизлар ҳам беихтиёр можародан хабардор бўлдик: “Менинг фамилиям Ибрагимова! Иброҳимова эмас! Фамилиямни ўзгартириб ёзишга нима ҳаққингиз бор?!”...

Ибрагимовами ёки Иброҳимова?
Хўш, бу баҳсда ким ҳақ? Ким хато қилди? Фамилияни имло қоидаларига асосланиб ёзган журналистми ёки ҳужжат билан айнанликни талаб қилаётган қаҳрамонми? 

Газета ҳаёт кўзгуси саналади.  У нафақат ҳаётда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беради, балки у орқали ўқувчилар онгига таъсир кўрсатади. Шу боис, газета учун нимани ёритиш билан бирга, қандай ёритиш масаласи ҳам жуда муҳим. У кенг омма аудиториясига мўлжалланган экан,  ҳамма тушунадиган  тилда, тўғри ва аниқликка асосланиши керак. Бу фақат газета илмининг талаби эмас, ўқувчининг ҳам талабидир. Айниқса, имло  масаласида газета доим намуна вазифасини ўтаб келган. Бирор сўзнинг имлоси ҳақида баҳс кетганида, “Газетадан текшириб кўриш керак” ёки “Газетада бундай ёзилибди, демак шу тўғри экан” деган қарашнинг мавжудлиги бор гап. Шундай экан, юқоридаги ҳолатда фамилияни ҳужжатдагидай бериш хатони қонунийлаштириш эмасми? Бироқ қаҳрамонимизни ҳам айбдорга чиқариб бўлмайди. Ахир, ҳужжатда унинг фамилияси “Ибрагимова” бўлса нима қилсин? Балки у шу ном билан ҳамкасблари, эл-юрт орасида танилгандир, дабдурустдан газетада “Иброҳимова” бўлиб қолишни истамас...

Афсуски, ҳужжат ва имлонинг мос тушмаслиги ҳамда шу билан боғлиқ муаммоларга нафақат таҳририят ишида, балки кундалик ҳаётда ҳам тез-тез содир бўлади. Бу муаммо жамиятда қачон пайдо бўлди? Таассуфки, кеча эмас. Қарангки, ушбу масаланинг илк марта миллий матбуотимизда ёритилганига 100 йил бўлибди! Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойна” журнали 1914 йил 18-сонида чоп этилган “Жаҳолат дардларидан”  сарлавҳали мақоласи айнан шу мавзуга бағишланган эди. Муаллиф “Абсамат”, “Обдурахмон”, “Нутфулло” (Лутфулло), “Жодугор” (Ёдгор), “Патхулла”ларнинг исмлари “ҳужжатлар ва ҳукумат маҳкамаларида ҳам шул ғалат ва масҳаралик ҳолатда” ёзилиши ҳақида ачиниш билан ҳикоя қилиб, ўша даврдаёқ бу муаммони ҳал этишга чақирган эди. 

Мақоладан олинган ушбу парча, айниқса эътиборга молик, гўё Беҳбудий ўтган аср эмас, бугун ҳақида ёзгандай: “Ажаб шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур”... Бир аср ўтибдию,  хатога “садоқат” ҳисси ўзгармабди. Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, одамларимизни  исм-шарифларининг тўғри-нотўғри ёзилгани эмас, ҳужжатдагиси билан айнан берилиши кўпроқ қизиқтирмоқда. Имло қоидаларига амал қилган журналист респондентдан таъна эшитгани каби, бошқа ҳолатларда ҳам хато ёзилган исм ёки фамилия эгасини ҳужжатга “хиёнат” қилишга кўндириш қийин. Шундай экан, хато таъқиб қилмоқдами ёки таъқиб қилинмоқдами?