«Германия учун муқобил» (AfD) партияси Саксония-Анҳалтдаги парламент сайловларида ўзи учун рекорд натижа билан ғалаба қозонди – 43,8 фоиз овоз. Партиянинг ушбу ҳудуддаги беш йил олдинги натижаси икки баравар пастроқ бўлганди (20,8 фоиз). Бу натижа орқали партия маҳаллий парламент (ландтаг)даги 83 ўриндан 39 тасини ўзиники қилди. Ушбу регионни сўнгги 24 йил давомида бошқариб келган, канцлер Фридрих Мерц раислигидаги Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) эса 17,2 фоиз овоз олди ва парламентда атиги 15 мандатга эга бўлди (2021 йилги сайловларда ушбу партия 37,1 фоиз овоз қўлга киритганди). Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) 9,3 фоиз, «Яшиллар» – 8,9 фоиз, Сўл партия – 8,6 фоиз, «Сара Вагенкнехт иттифоқи» (BSW) – 5,3 фоиз овоз билан парламентга ўтган. Сайловларда рекорд даражадаги давомат кузатилган – участкаларга сайловчиларнинг 77,8 фоизи келган.

Саксония-Анҳалт қандай жой?

Саксония-Анҳалт – Германия шарқидаги Ерлардан бири бўлиб, илгари ГДР таркибига кирган. Бу мамлакатнинг энг қашшоқ регионларидан бири саналади – 2025 йилда бу ҳудуд аҳолисининг ярмининг ўртача ялпи иш ҳақи ойига 3563 евродан ошмас эди, бу вақтда Германия бўйича ўртача иш ҳақи 4217 евро бўлган.

«Германия учун муқобил» азалдан мамлакат ғарбидан кўра шарқида кучлироқ қўллаб-қувватланади (сўнгги йилларда ғарбий ҳудудларда ҳам ушбу партия таъсири ўсиб бормоқда). 2025 йилги федерал сайловларда партия собиқ ГДРнинг бешта регионида ҳам биринчи ўринни олганди (ярми ГДРда бўлган Берлин бундан мустасно). 2024 йилда эса «Муқобиллар» Тюрингияда тарихда илк бор ҳудудий сайловларда ғолиб чиқишганди – аммо ҳеч бир партия улар билан коалицияга киришишни истамагани учун мухолифатда қолган.

Германия канцлери Фридрих Мерц сайлов натижаларидан «қаттиқ ларзага келгани»ни айтди. У бу натижани «ХДИнинг сўнгги ўн йилликдаги энг оғир мағлубияти» деб атади, аммо христиан демократлар «Муқобиллар»ни озчиликда қолдириш учун бошқа барча партиялар билан коалиция тузиш имконияти учун курашмаслигини билдирди. ХДИнинг Саксония-Анҳалтдаги етакчиси Свен Шулце эса шундай деган: «Сайловда ғалаба қозонгани туфайли ҳукуматни бошқариш мажбурияти энди „Германия учун муқобил“га юклатилган, биз мухолифатга ўтяпмиз».

Ултраўнглар Германиянинг урушдан кейинги тарихида биринчи марта ҳукуматни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Мутлақ кўпчиликни ташкил этиш учун «Германия учун муқобил»га учта мандат етмади – унда атиги 39 та ўрин бор. Шу туфайли партия коалицион ҳукумат тузишига тўғри келади. ХДИ, ГСДП, «Яшиллар» ва «Сўллар»да ҳам жами 39 та ўрин бор. Бу кучларнинг барчаси «брандмауэр» сиёсатига амал қилади – Германияда ултраўнг партиялар билан ҳар қандай ҳамкорликдан бош тортиш шундай аталади. Шу билан бирга, бешта мандатга эга бўлган «Сара Вагенкнехт иттифоқи» «Муқобиллар» билан ҳамкорликни истисно этмаяпти. Шу тариқа, AfD BSW билан коалиция тузиши ёки ўзининг озчиликдаги ҳукуматини тузиши мумкин бўлади.