Фан-техника | 16:27 / 31.08.2016
8630
2 дақиқада ўқилади

«Мерседес» янги суперкарига Формула-1 моторини ўрнатмоқчи

Mercedes-AMG компанияси Формула-1 болидларининг 1,6 литрлик V6 мотори билан бирга гибрид қувват агрегати асосида суперкар ишлаб чиқармоқчи. Ҳозирда, модель дизайнини тасдиқлаш жараёни олиб борилаяпти. Бу ҳақда Evo нашри хабар қилмоқда.

Хабарларга кўра, янги спорт машинасига Mercedes-Benz W07 Hybrid болиди мотори ўрнатилади. Унда, Формула-1нинг амалдаги чемпиони Льюис Хэмилтон ва немис пойгачиси Нико Росберг мусобақаларда қатнашади. 

Двигателни умумфойдаланиш йўлларида юрувчи машиналар мотори стандартига мослаштириш билан уни ишлаб чиқарганларнинг ўзи шуғулланишади. 

Суперкар моторининг ишчи ҳажми 2 литргача ўзгартирилиши мумкин. Бундан ташқари, суперкар учун махсус юргизувчи стартер-генератор, юқори самарадорликка эга кондиционер ва умуман янги узатмалар қутиси ишлаб чиқиш лозим бўлади. 

Янги суперкарга шунингдек, 160 от кучига яқин қувватга эга электромотор ҳам ўрнатилади. Шу билан модель барча ғилдираклари етакчи тизимига эга бўлади. Evo нашрининг қайд этишича, электр двигатель орқа ўққа жойлаштирилиши мумкин. 

Mercedes-AMG суперкарининг умумий қуввати 1000-1500 от кучи атрофида бўлиши тахмин қилинаяпти. Унинг 900 от кучига яқини ички ёнув двигатели ҳиссасига тўғри келади. Маълумотларга кўра, суперкарнинг максимал тезлиги соатига 350 километрни ташкил этиб, 2,5 сониядан камроқ вақт ичида «юз»га чиқа олади. 

Вазни 1000-1300 кг бўлиши кутилаётган суперкар дизайни Формула-1 болидлари ва чидамлилик бўйича ўтказиладиган LMP1 пойгалари учун ишлаб чиқиладиган прототиплар услубида бўлади. Унинг конструкциясида карбон, алюминий ва бошқа енгил материаллардан фойдаланилади. 

Суперкар шунингдек, тўлиқ бошқариладиган шасси, оғирлик нуқтасини ўзгартириш тизими ва фаол аэродинамик элементларга эга бўлади. 

Evo нашрининг ёзишича, модель 2017-йилда, Mercedes-AMG компаниясининг 50-йиллигида намойиш этилиши мумкин. Суперкар жами 50 нусхада ишлаб чиқилади. Унинг тахминий нархи 4 млн евро атрофида бўлади. 
 

Мавзуга оид