Жамият | 14:56 / 05.09.2016
239783
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзбек аҳли ва мухолифатчиларга мурожаат қилди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова сўнгги кунлардаги вазиятга ўз муносабатини билдириб, видеомурожаат ёзди. Қуйида эътиборингизга хонанданинг сўзлари ҳавола этилади.

“Азиз, юртдошларим! Авваламбор ҳаммамизга Оллоҳ сабр берсин. Ҳақиқатдан, ҳаммамиз оғир кунларни бошдан кечиряпмиз. 25 йилдан бери бошимизда турган севимли, ҳурматли Президентимиздан ажралиб қолдик. Оллоҳ раҳматига олган бўлсин. Юртбошимиз вафот этганлари билан, уларнинг қурган тизимлари давом этади. Улар ўзларидан кейин йиғлайдиган иш ташлаб кетганлари йўқ. “Яшанглар, болаларим”, деганлар. Демак, биз шундай қилишимиз керак, биз тинчлик-хотиржамлик тарафдоримиз.

Бу борада мухолифатчиларга айтар гапларим бор. Мухолифатчиларнинг ёзаётган гаплари ҳеч ақлга сиғмайдиган гаплар, боз устига менинг қўшиқларим билан боғлаб ёзганлари ҳам бор. Мен ҳеч қачон ҳеч кимнинг қуроли бўлган эмасман. Мен ҳамиша халқ тарафдаман! Халқни бошига иш тушганда мен майдонга чиқаман (Илоҳим тушмасин). Халқимга бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

Бутун дунё, барча подшоҳлар “бизни ҳам шундай кузатишармикан?”дея ҳавас қилди. Мухолифатчилар хурсанд бўлмасин. Уларни қилмаган иши қолмади, Туркияга борганимда “биз тараф бўлинг” деб, эшигимни тагига хат ташлаб кетган пайтлари ҳам бўлди. Демак, сиз хотиржам эмассиз, ҳали ҳам бир кўзингизни бу ерга ташлаб ўтирибсиз. Бу халқ учунми ё тахт учунми?! Ўзингизни қорингизни ўзингиз куранг, мени тортишнинг кераги йўқ. Ёдингизда бўлсин, мен халқ ва ҳақ тарафдаман! Ҳар куни эрталаб туриб, невараларимни қучоқлайман. Менга бундан ортиқ нима керак? Бемалол оилам билан қорним тўқ ўтирсам, менга сизларнинг ҳеч нарсангиз керак эмас. Менга сизларга ўхшаганларнинг қарсаги ҳам керак эмас. 

Халқимизга мурожаат қилмоқчиман. Интернет тармоқларида ҳар хил нарсалар чиқиб ётибди. Баъзилар буни кўриб, тўғри хулоса чиқариши мумкин, баъзилар эса тушунмай, хато қилиши мумкин. Мана шундай пайтда халқимизнинг бирлигига дунё ҳавас қилди. Сизларга кўз тегмасин, ўзбегим! Телефонда ҳаттоки менинг расмимни қўйиб “йиғламадилар” деб ёзганлар ҳам бўлди. Мен Қуръон тиловат қилиб, ҳақларига дуо қиляпман. Бошимдан ўтганини ўзим биламан, ёнимдагилар кўриб турибди.

 Додамиз қўлларидан келганча ҳалол меҳнат қилиб кетдилар. Қайси давлатнинг раҳбари бу билан фахрлана олади?! Шогирдлари ҳам жуда чиройли таъзия ўтказишди. Мухолифатчилар, агар халқни ўйлаб, ёзаётган бўлса, унда нима учун халқнинг тинчлигини ўйламаяпсизлар?! Нима учун Юлдуз қурол бўлиши керак? Овора бўласизлар! Мен халқ тинчлиги учун нима керак бўлса, шуни қиламан. Менга ҳар қанча гапирдингиз дейлик, лекин юртимга бирор нима қилсангиз, қаршингизда мени кўрасиз, билиб қўйинг! Мен шу юртга, шу халққа хизмат қиламан. Агар мени халққа қарши қилаверсангиз, юртнинг тинчлигини бузсангиз, қаршингизда мени кўрасиз! Ўртага низо соламан деб овора бўлманг. Агар ўзингизни олижаноб инсон деб ҳисобласангиз, кўзгуга қараб, ўзингизга савол беринг: “Мен ўзим нима қилдим?” Ҳамма жойда сув бир лойқаланиб тинади, лекин сизлар тинмабсизлар. Менинг кўз ўнгимда умуман йўқ бўлдингиз, қум бўлдингиз!

Ҳаммангизга мурожаат, халқимизга мурожаатим – бирлашинглар! Ўзбекистон халқи, ёшларимиз, ишонманг ҳар хил бўлмағур гапларга. Ҳеч ким бу юртда уруш бўлишини хоҳламайди. Неча миллион халқимиз бахтли яшаяпти, бир-биримизга тинчлик-хотиржамлик тилаб яшайлик. Кимни алдаса, алдасин, бизни – ўзбек халқи алданмайди. Юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов анча яхшиликлар қилиб кетдилар. Уларнинг бошчилигида қурилган тизим бор. Демак, Ўзбекистон Худо хоҳласа, тинч ва хотиржам бўлади! Биз ҳам қўлимиздан келганини қиламиз. Ишончим комилки, бундан буён ҳам ана шундай тинч заминда яшаймиз! Ҳаммангизга соғлик-саломатлик тилайман”. 

Мавзуга оид