Жаҳон | 14:32 / 15.09.2016
39529
2 дақиқада ўқилади

Акаев Қирғизистондаги "лола инқилоби" сабабларига ойдинлик киритди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилишича, унинг Манас авиабазасида АҚШнинг AWACS айғоқчи самолётларини жойлаштиришга рухсат бермагани 2005 йили мамлакатда уюштирилган "лола инқилоби" сабабларидан бири бўлган. Бунинг натижасида Акаев ҳокимиятдан четлаштирилган эди. 

"2004 йили АҚШ Давлат департаменти "Манас" аэропортига "Авакс"ларни жойлаштириш учун рухсат сўраб, мурожаат қилди. Давлат котибининг махсус ёрдамчиси келди. "Авакс" — бу радиолокацион станцияга эга "Боинг" самолётидир. У, Қирғизистон осмонига кўтарилса, 3 минг километр радиусдаги масофани, яъни Россия ва Хитойнинг ярмини назорат қилиши мумкин эди", — дея хотирлаган Акаев.

Акаев базани дастлаб ташкил этишдаги мақсадлар ва қўшни мамлакатлар манфаатларига зид бўлгани учун рад жавобини берган. 

Шундан сўнг, америкаликлар Қирғизистон президентини ағдаришга қарор қилган, деб ҳисоблайди Акаев. 

"Чунки уларнинг қоидаси шунақа, кимдир АҚШнинг сўзига кирмадими, фойдаланиб, ташлаб юбориш қоидасига амал қилишади. Уларнинг "лола инқилоби"ни уюштиришининг сабабларидан бири мана шу", — дейди собиқ президент. 

"”Лола инқилоби” – аслида инқилоб эмас, давлат тўнтаришидир. Фикримни кўплаб экспертлар, жумладан БМТ экспертлар гуруҳи хулосаси тасдиқлайди. Ушбу давлат тўнтариши АҚШнинг бевосита иштироки, раҳбарлиги, молиявий ва ахборот кўмагида уюштирилган. Улар буни яшириб ўтиришмади. Бу масала билан АҚШ элчиси Стивен Янг очиқча шуғулланган", — дея қўшимча қилган Асқар Акаев.

Мавзуга оид