Дунёдаги 3,7 миллион муҳожир бола ўқиш имкониятидан маҳрум
Дунёдаги 6 миллион муҳожирдан 3,7 миллион нафар бола ўқиш имконига эга эмас. БМТнинг муҳожирлар масалалари бўйича Олий комиссар бошқармаси (МОКБ) пайшанба куни Женевада чоп этилган ҳисоботида шу ҳақида маълум қилди.
"1,75 миллион қочқин бола бошланғич мактабга қатнамайди, 1,95 миллион нафари эса - ўрта мактабга", - дейилади тадқиқотда. БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди бундай вазиятни "инқироз", дея баҳолади. У қочишга мажбур бўлган 10 миллионлаб муҳожирлар учун таълим олиш катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади, зеро бу - "уларнинг тақдирини ўзгартиришга қодир саноқли имкониятлардан бири".
Ҳисоботга кўра, муҳожир болаларининг ярмигина бошланғич мактабга боради. Қочқинлар оиласидаги болалар улғайгани сари, уларнинг ўқишни давом эттириш имкониятлари камаймоқда: муҳожир-ўсмирларнинг 22 фоизигина ўрта мактабга қатнайди ва фақат 1 фоизигина олий таълим муассасаларига киради.
Сурияда 2,1 миллион болалар ва ўсмирлар мактабга боришмайди. 5 йиллик ҳарбий низо давомида мамлакатдаги бошланғич ва ўрта таълим қамрови 94 фоиздан 60 фоизга тушиб кетди. МОКБ маълумотига кўра, Сурияни 4,8 миллион киши тарк этган ва улардан 900 минг нафари - ҳозирда таълим олиш имконига эга бўлмаган мактаб ёшидаги болалар.
МОКБ ҳисоботи 19-20 сентябрга мўлжалланган БМТ Бош Ассамблеясининг оммавий миграция ва қочқинлар муаммосига бағишланган йиғилишига тайёрланган. Олий комиссар бошқармаси ҳукуматлар, донорлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектордаги ҳамкорларни болалар ва ўсмирларнинг билим олиши учун фаолроқ ҳаракат қилишга чақирди. Бошқарма маълумотига кўра, 2015 йилнинг охирида дунёда 65,3 миллион муҳожир қайд этилган, муҳожир болаларнинг ярмидан кўпида билим олиш учун имконият йўқ. Ҳозирда бу масалада асосий эътибор 7 давлатга қаратилмоқда - Чад, Конго Демократик Республикаси, Эфиопия, Кения, Ливан, Покистон ва Туркия.
Мавзуга оид
09:50 / 23.10.2024
Тадбиркорлардан ҳисобот талаб қилиб олишда давлат органлари масъулияти оширилади
18:19 / 21.09.2024
Тадбиркордан ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботни талаб қилиш жаримага сабаб бўлади
23:02 / 26.08.2024
АҚШ полицияси жиноятларга оид ҳисоботларни ёзишда сунъий интеллектдан фойдаланишни бошлади
21:24 / 18.08.2024