Бу ҳақда Германия Миграция ва қочқинлар бўйича федерал идораси статистикасига таяниб, Funke медиагуруҳи нашрлари 17 август куни хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ–июн ойларида Германия ҳукуматининг ўз ватанига ёки уларни қабул қилишга тайёр учинчи давлатга ихтиёрий қайтиш истагида бўлган хорижликларга ёрдам бериш дастуридан 9 276 киши фойдаланган.

Таққослаш учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 7 348 нафарни ташкил этган. Демак, бир йил ичида дастур орқали Германияни ихтиёрий тарк этганлар сони қарийб 1,9 минг нафарга ёки 26 фоизга кўпайган.

2025 йил давомида эса жами 16 578 нафар хорижлик Германия ҳукуматининг қайтиш дастури доирасида мамлакатни тарк этган. 2024 йилда бундай мигрантлар сони 10 358 нафар бўлган.

Германияда 258 мингдан ортиқ киши мамлакатни тарк этиши керак

Германиянинг Хорижликлар марказий реестри маълумотларига кўра, 2026 йил июн ойи охири ҳолатига мамлакатда Германияни тарк этиши шарт бўлган 258 845 нафар хорижлик бўлган.

Бироқ уларнинг катта қисми дарҳол депортация қилиниши мумкин эмас. Хусусан, 199 271 нафар мигрант Duldung, яъни мамлакатдан чиқариб юборишни вақтинча кечиктириш мақомига эга.

Бундай мақом шахсга Германияда доимий яшаш ҳуқуқини бермайди, аммо муайян сабабларга кўра уни депортация қилиш вақтинча амалга оширилмайди.

Олти ойда қарийб 19 минг киши мажбуран чиқариб юборилди

Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, федерал ва маҳаллий ҳокимият органлари 2026 йил январ–июн ойларида мамлакатдан 18 939 кишини чиқариб юборган.

Айрим ҳолатларда депортацияни амалга ошириш учун полиция ёрдами талаб қилинган. Шу билан бирга, мамлакатни ихтиёрий тарк этишга рози бўлган айрим хорижликларга давлат томонидан моддий ёрдам кўрсатилган.

Ихтиёрий қайтиш учун қанча пул берилади?

Федерал дастур Германияни ихтиёрий тарк этиб, ўз ватанига ёки уларни қабул қилишга тайёр учинчи давлатга кетишга рози бўлган хорижликларни молиявий қўллаб-қувватлашни назарда тутади.

Дастур доирасида Германия ҳукумати авиачипта харажатларини қоплайди. Бундан ташқари, ҳар бир катта ёшли шахсга 1000 евро, ҳар бир болага эса 500 евро миқдорида моддий ёрдам берилади.

Шу тариқа, Германия ҳукумати мамлакатда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган хорижликларни мажбуран депортация қилиш билан бир қаторда, уларнинг ихтиёрий равишда қайтишини молиявий рағбатлантириш механизмидан ҳам фойдаланмоқда.