10:33 / 17.09.2016
10720

Биологлар антиқа арилар турини аниқлашди


АҚШ биологлари АҚШнинг жануби-ғарбидаги чўлли ҳудудларда янги арилар тури – Anthophora pueblo’ни аниқлашди. Бу арилар қумтошлар (прессланган қумдан ҳосил бўлган чўкма тоғ жинси) ичида уя қуришлари аниқланди. Улар қумтошда сув ёрдамида тешикни кенгайтириб, уни ғалвирсимон пишлоққа ўхшаш кўринишга келтиради. Бу ҳақдаги мақола Сurrent Biology журналида келтирилди.

Арининг номидаги pueblo сўзи орқали арилар аниқланган жойда яшаган ва қумтошни моҳирона қайта ишлай олган пуэбло маданияти халқи номига ишора қилинган. Янги ари турининг катта вакиллари 10-14 мм узунликка эга. Улар қуруқ чўлли ҳудудларда яшаб, асосан апрель-июнь ойларида ҳамда гуллаш мавсумида учади.

Бу ҳашаротлар юқори ҳарорат ва захираларнинг танқислиги шароитида яшагани учун улар иссиқдан сақланиш учун анъанавий тарздаги ари уялари қурмай, балки қумтош ичида ин қурадилар. Улар инни кенгайтириш учун сувдан фойдаланади. Арилар сувни тешикка қуйиб, тешикни сув билан ювилган қум зарраларидан тозалаб, уни чуқурроқ қилади. Шунинг учун бу ариларнинг инлари асосан сув ҳавзалари яқинида жойлашади. Айни вақтда бундай инлардан бештаси маълум. Улар Колорадо, Юта штати жанубида ва Ўлим водийсида (Калифорния) жойлашган.

Қумтош ичида иссиқ вақтда ташқаридан кўра салқинроқ бўлади, шунинг учун қумтош кундузги иссиқликни чўлдаги тунги салқин ҳавода иссиқроқ бўлиш учун сақлайди. Бундан ташқари, арилар қумтошдан нафақат қишки уйқу вақтида, балки йилнинг иссиқ вақтида ҳам чиқмасликлари мумкин. Бу жуда муҳимдир, чунки АҚШнинг жануби-ғарбидаги чўлларда вақти-вақти билан умуман ёмғирсиз йиллар бўлади. Ўсимликлар бундай вақтда гуллаймайди, арилар эса очликдан ҳалок бўлиши мумкин. Мустаҳкам, узоқ муддатга ярайдиган инлар ариларга уйғонишни ёмғирлар бошлангунча қолдиришга имкон беради. Агар бу ариларнинг уялари ариларнинг бошқа турлари уялари учун одатий бўлган материаллардан тайёрланганда, бу уялар ариларнинг уйғонгунича барбод бўлиши ва ундаги ариларнинг ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин эди.

 

Top