Ирқий тенгсизлик ва доимий камситиш Жанубий Африка Республикасида деярли 50 йил давомида ҳукмрон бўлган. 90-йилларнинг бошида вазият яхши томонга ўзгарган бўлишига қарамай, апартеид аллақачон ички тузилмага кириб борган. Йўллар, дарёлар ва далалар турли ирқдаги кишилар яшаган жойлар орасидаги ҳудудларни ажратиб турган. 2016 йилда сураткаш Жонни Миллер қуш парвозидан "апартеид меъморчилиги"ни суратларда муҳрлашга қарор қилди. Ҳудудий ажратиш маҳаллий ҳукуматга қора танли аҳолининг таълим олиши, юқори малака талаб қилувчи жойларда ишлаши, шаҳар ресурсларига эгалик қилишни чеклашига олиб келди. Бунинг натижасида эса моддий таъминотлар ҳаддан ташқари адолатсиз тақсимланди. Миллернинг дрон ёрдамида олинган суратлари бу тафовутни аниқ кўрсатиб берган. Кейптаун - ажойиб шаҳар. "У жуда кўркам", - дея таъкидлайди Миллер. - "Бу биринчи ва учинчи дунёнинг аралашмаси".

Мамлакатнинг қора танли аҳолиси юз йиллар давомида фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум бўлган. Ирқчилик 1948 йилдан бошлаб апартеид қонунлари билан муҳофаза қилинган. 

Апартеид келиб чиқиши турлича бўлган оқ танли бўлмаган кишиларга "қора" ва "рангли", деб ном берган. "Қоралар" - Шарқий Кап провинциясидан келиб чиққан кос тилида сўзлашувчи кишилар. "Ранглилар" - Индонезия ва Мадагаскар қулларидан келиб чиққан ёки маҳаллий койсан халқи вакиллари. 

Апартеид энди қонун ҳисобланмайди, бироқ у пайтлардан 50 йил вақт ўтган бўлса-да, кўплаб қора танли кишилар шаҳар ташқарисидаги қурғоқ жойларда яшайди. 

Бадавлат кишилар эса шаҳар марказига яқин Атлантика соҳилидаги кўркам масканларни эгаллашган.

"Шуниси қизиқки, баъзан жуда қашшоқ жамиятлар қандайдир сабаб билан бой ҳудудлар ўртасида жойлашган", - дейди Миллер. 

Миллер шу ҳудудларни суратга туширишга қарор қилди. Бир сайт ёрдамида у маълумотларни интерактив харитага жамлади ва кишиларни ирқи, даромади ва она тилига қараб таснифлади.