Самара вилояти губернатори Вячеслав Федоришчевнинг маълум қилишича, 22 августга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари дронлар ёрдамида минтақадаги Ozon логистика мажмуаси ва «саноат корхоналаридан бири»га ҳужум қилган.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида бир неча киши жабрланган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Губернатор бир неча ўнта дрон уриб туширилгани ёки радиоэлектрон воситалар ёрдамида бостирилганини ҳам маълум қилди. Оммавий ҳужумдан кейин саноат корхонасида шикастланишлар қайд этилган.

Ozon 500 дан ортиқ ходимни эвакуация қилди

Ҳужумга учраган Ozon логистика мажмуаси Самара вилоятининг Чапаевск шаҳрида жойлашган. У маркетплейснинг Волгабўйидаги энг йирик объектларидан бири бўлиб, умумий майдони 135 минг квадрат метрни ташкил этади.

Ozon вакиллари объектга дронлар ҳужум қилганини тасдиқлади. Компания маълумотига кўра, зарбадан сўнг омбор ҳудудида ёнғин бошланган.

Компания барча хавфсизлик тизимлари белгиланган тартибда ишлагани ва бир неча дақиқа ичида 500 нафардан ортиқ ходим эвакуация қилинганини билдирди. Шунга қарамай, ҳодисада жабрланганлар бор.

Омбор фаолияти номаълум муддатга тўхтатилди

Ҳужумдан кейин Ozon Чапаевскдаги логистика маркази фаолиятини номаълум муддатга тўхтатди.

Омборда сақланаётган товарлар маркетплейс сайтида вақтинча яширилган. Ушбу марказдан етказиб берилиши керак бўлган буюртмалар бекор қилиниши айтилмоқда.

Шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан сотувчилардан омборга янги товарлар қабул қилиш ҳам вақтинча тўхтатилган.

Манбага кўра, Украина дронлари аввал Россиянинг бошқа маркетплейси — Wildberriesʼнинг омбор ва логистика марказларига бир неча бор ҳужум қилган. Аммо бу Ozonʼнинг йирик объектига жиддий зарар етказилган илк ҳолат сифатида қайд этилмоқда.

Июль ойи охирида Татарстандаги Ozon омбори ҳам дрон ҳужуми ҳудудига тушган, бироқ ўшанда компания объект зарар кўрмаганини билдирган эди.

Ozon омбори яқинида мудофаа корхоналари жойлашган

Astra Telegram-канали маълумотига кўра, Чапаевскдаги Ozon мажмуасидан тахминан бир километр масофада «Промсинтез» ва «Полимер» номли икки мудофаа саноати корхонаси жойлашган.

Манбада ушбу заводлар портловчи моддалар, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ишлаб чиқариши айтилган. Улар аввал ҳам Украина ракета ва дронлари ҳужумларига учраган.

Новокуйбишевск нефт заводида ҳам ёнғин

22 августга ўтар кечаси Самара вилоятидаги Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудида ҳам ёнғин кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Украинанинг Exilenova+ мониторинг Telegram-канали завод яқинида олингани айтилаётган фото ва видеоларни эълон қилган. Кадрларда катта тутун устуни кўринади.

Astra таҳлилчилари ҳам «Роснефть»га қарашли корхона ҳудудида дронлар ҳужумидан кейин ёнғин чиққан, деган хулосага келган.

Бироқ Самара вилояти губернатори қайси саноат корхонаси зарарланганини очиқ айтмаган. Шу сабаб Новокуйбишевск нефтни қайта ишлаш заводига зарба берилгани ҳақидаги маълумот ҳозирча очиқ манбалар хабарларига асосланмоқда.

Мазкур нефтни қайта ишлаш заводи аввал ҳам бир неча бор дронлар ҳужумига учраган ва бу унинг фаолияти вақтинча тўхтатилишига олиб келган эди.