Жаҳон | 08:31 / 18.09.2016
15665
3 дақиқада ўқилади

Россия ва АҚШнинг БМТдаги вакиллари бир-бирларини тинглашдан бош тортишди

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр Хавфсизлик кенгашининг Сурия бўйича учрашувида Россия делегациясининг нутқини тинглашдан бош тортди ва бунинг ўрнига Россияни журналистлар олдида танқид қила бошлади. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги вакили Виталий Чуркин маълум қилди

Учрашув АҚШ бошчилигидаги коалиция ҳарбий-ҳаво кучлари Суриянинг Даур-аз-Зор шаҳри яқинида суриялик ҳарбийлар позицияларига зарбалар бериши сабабли чақиртирилганди.

"Маслаҳатлашувга йиғилганимизда, мен Кенгаш аъзолари билан хавотирларим билан бўлиша бошлаганимда, Пауэр матбуот олдига чиқиб ва мени эшитишни истамай, барча нарсада Россияни айблай бошлади ва ҳаттоки бу йиғилишни чақиртиришда ҳам бизни айблади", деб айтди Чуркин.

Учрашув олдидан Чуркин маслаҳатлашувлар залида бўлганда, Пауэр журналистлар олдига чиқиб, Россиянинг йиғилишни чақиртириш ташаббусини "иккиюзламачилик ва сурбетлик" деб атаган.

Пауэр сўнгра залга Чуркиннинг нутқидан кейин кириб, "Чуркиннинг нима деяётганини эшитиш унга қизиқмаслигини ва бунинг барчаси найрангбозлик эканини" айтган.

"Мутлақ мисли кўрилмаган ахлоқсиз позиция. Бу шароитда мен ҳам Пауэр барча нарсада бизни айблашини эшитишни истамадим ва мен ҳам ўз навбатида зални тарк этдим. У ерда бизнинг делегация қолди", деб айтди Чуркин.

17 сентябрь кечки пайт АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари Сурия армияси позицияларига зарба берган. Оқибатда 62 суриялик ҳарбий ҳалок бўлган, 100 га яқини яраланган. 

Зарбалар бериш вақтида иккита F-16 ва иккита A10 самолётлари қўлланган. Самолётлар Сурия ҳаво ҳудудига Ироқ томондан кирган. Ҳужум жанговор ҳаракатларни тўхтатиш тартиби амал қилаётган вақтда берилган.

Пентагон ҳужумни хатолик сабабли юз берганини айтган. Улар ИШИДга зарба бераётганларига ишончлари комил бўлган ва Россия томонидан тегишли ахборот олинганидан кейин зарбалар дарҳол тўхтатилган. Оқ уйда ушбу воқеа юзасидан афсусланиш билдирилган.

Мавзуга оид