Savollar.islom.uz савол-жавоблар сайтидаги бир мурожаат диққатимизни тортди. Унда портал фойдаланувчиларидан бири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Аллоҳ раҳматига олсин) ҳазратларига қуйидаги саволни йўллаган: 

“Ассалому алайкум шайх ҳазратлари. Ушбу ҳадисларни тушунтириб берсангиз: 
“Бир киши у отаси эмаслигини билиб туриб чақирса, у биздан эмас, у дўзахдан ўзига жой тайёрласин”.
 Бухорий,Муслим ривояти.

“Отасидан бошқани ота деб чақирса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин ва фаришталарнинг ва ҳамма инсонларнинг, ундан қиёмат кунигача нафли ҳам, фарзи ҳам қабул бўлмайди”.

Бу ҳадисга асосан айрим одамлар қайнотани ҳам “ота” деб бўлмайди, деб фатво чиқаришибди. Бу фатво тўғрими?”

Жамият ичра кенг тарқалган, шу билан бирга, урф-одатларнинг ажралмас қисмига айланган, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида учрайдиган бу ҳолатга шайх

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан қуйидагича жавоб қайтарилган: 

“Сиз ушбу саволингиз ила жамиятимиздаги ўзи кўпчиликка сезилмас, аммо ўта даҳшатли муаммони кўтаргансиз. Бунинг учун алоҳида ташаккур. 

Энди мазкур муаммо ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиб ўтишимиз керак бўлади. Бу муаммо диний илмлардан, араб тилидан бехабар одамларнинг китоб ёзиши, таржима қилиш ва шунга ўхшаш ишларидан иборатдир. Баъзи бир ҳадисларнинг таржимаси туфайли ҳаром нарса ҳалолга айланиб қолгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Мисол учун, “Саҳиҳ Бухорий”нинг таржимасида калтакесак ҳалол деган тарзда ҳадис таржима қилинган. Таржимон “Зобб” деган ҳайвонни калтакесак деб ўйлаган ва шундай таржима қилган. Зобб ҳалол, аммо калтакесак ҳаромлиги сал диний илми бор одам учун сир эмас.
Бунга ўхшаш ҳолатлар бошқа таржималарда ҳам кўп учраб туради. 

Агар таржима тўғри бўлса ҳам, қуруқ таржиманинг ўзи одамларнинг бошини айлантиради, турли чалкашликларга олиб боради ва ихтилофлар ҳамда уруш-жанжаллар келиб чиқишига сабаб бўлади. Буни барча уламолар қайта-қайта таъкидлаганлар ва таъкидламоқдалар.

Сиз кўтарган масалага келсак, афтидан ҳадис матнини таржимадан кўчирганга ўхшайсиз. Қайси имомлар ривояти эканини ёзганингиз ҳам шунга далолат. Ҳақиқатда, мазкур икки улуғ имом шу маънодаги ҳадисга ўхшаш ҳадисни ривоят қилишган. Аммо таржима маънони қўпол тарзда бузган.