Ҳозирги даврда оилада эр-хотиннинг ҳар иккаласи ҳам ишлаши одат тусига киргани сабабли кўп давлатларда меҳнат маданияти ҳам шунга мос ўзгариб боряпти. Авваллари фақат аёллар бола парвариши учун ишдан таътилга чиққан бўлса, ҳозир ривожланган давлатлар буни ота-она бирга амалга оширишига қўйиб бермоқда. Яъни оталар ҳам боласини катта қилишда иштирок этиши ва таътил олиб уни маълум муддат парваришлаши мумкин. Давлат эса уларнинг ишламаган пайтига ҳам пул тўлайди.

Оталик таътилига қайси давлатларда энг яхши тўланади?

Ота-оналик таътили янги туғилган чақалоқни парваришлаш учун унинг она-онасига ҳақ тўлаш ёки тўламаслик эвазига бериладиган таътил ҳисобланади. Ҳақ тўланадиган ота-оналик таътили берадиган топ 5 та давлат қаторида скандинавиан мамлакатларининг бир нечтаси ўрин олган, уларни бу борада энг сахийлари дейиш мумкин.

Рўйхатда Литва, Япония, Швеция, Эстония ва Исландия давлатлари бор. Литва оталарга маошининг 77,5 фоизи тўланадиган 30 кунлик таътил ва яна 36 ойлик ота ёки она олиши мумкин бўлган таътил беради. Бунда бола тарбиялаш учун нафақа биринчи йил иш ҳақининг тўлиқ қисмини, кейинги 2 йилда 70 фоизлик маошни ташкил қилади.

Фото: The Guardian

Японияда эса фақат оталар учун аталган бир йиллик таътил бор. Таътилнинг дастлабки 180 кунида маошнинг 67 фоизи, қолган кунларида эса 50 фоизи тўланади. Бу оналарга бериладиган ҳар қандай таътилдан алоҳида саналади.

Эстонияда эса 2 ҳафталик 100 фоиз маош ҳисобида тўланадиган оталик таътили ва 435 кунлик ота ёки она олиши мумкин бўлган таътил мавжуд.

Ота-оналик учун идеал бўлган яна бир давлат Швециядаги тизим ҳақида кўпроқ тўхталамиз.

Швецияда ишлар қандай бошланган?

Швецияда бола парвариши учун бериладиган ота-оналик таътили тизими ишга туширилганига 50 йил бўлди. Бу давлатда оналик таътили эмас, ота-оналик таътили берилади ва уни турли муддатларда эр-хотин бўлишиб олиши мумкин.

Келл Сарнолд 1970 йилларда ўғли 8 ойлигида оталик таътили олади. Давлат томонидан иш ҳақининг 90 фоизи қоплаб бериладиган 4 ҳафталик таътил сентябр ойига тўғри келган, ота бу вақтни тўлиқлигича боласи учун сарфлаганди.