Ўзбекистон | 17:13 / 04.10.2016
13343
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Hilton меҳмонхонаси фаолиятини бошлаши мумкин

Тошкентда келаси йили бутун дунёга машҳур Hilton бренди остида фаолият юритувчи  меҳмонхона пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳақда, Sputnik агентлигининг "Ўзбектуризм"даги манбаси маълум қилган

2014 йилда Hilton халқаро меҳмонхоналар тармоғи вакиллари билан пойтахт бизнес-марказида жойлашган International Hotel Tashkent меҳмонхонасини уларнинг бошқарувига ўтказиш борасида келишувга эришилганди. "Ўзбектуризм" вакилининг маълум қилишича, бугунги кунда International Hotel Tashkent меҳмонхонасининг чап қанотида Hilton стандартлари бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

"Hiltonнинг меъёрий талабларидан бири бинони ягона тимсолига мос равишда таъмирлашдир. Реконструкция ишлари Hilton талабларига мувофиқ олиб борилмоқда, келаси йили ишлар якунига етганидан кейин меҳмонхона ушбу бренд остида ишлай бошлайди. Барча ишлар қачон якунига етиши ҳақида аниқ айтиш қийин, лекин мунтазам иш олиб борилаяпти", — деган агентлик манбаси. 

Эслатиб ўтамиз, 1997 йилдан бошлаб ушбу меҳмонхонани InterСontinental халқаро меҳмонхоналар тармоғи бошқарганди. 2012 йил майида Ўзбекистон ҳукумати ва InterСontinental вакиллари иншоотни бошқариш бўйича шартномани узайтириш борасида келиша олмаганди.

Мавзуга оид