Жаҳон | 11:45 / 07.10.2016
10715
2 дақиқада ўқилади

Флориданинг миллионлаб аҳолиси "Мэттью" довули туфайли уйларини тарк этмоқда

Фото: Reuters

Миллионлаб кишилар Флорида штатининг Атлантика океани билан қирғоқларидан кетмоқда. Бу қирғоқларга кейинги 10 йил ичидаги энг кучли довул бостириб келмоқда.

Довулларни ўрганиш маркази прогноз қилишича, бўрон вақтида Флорида қирғоқларида сув баландлиги 5 метрга кўтарилиши мумкин. Бу ўзидан ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқаради.

"Меттью" довули хавфлилиги даражаси мавжуд 5та даражадан тўртинчисига кўтарилган. Флоридага 2004 йилдан буён бундай хавф таҳдид солмаганди.

"Меттью" Флориданинг марказий ва шимолий туманларини вайрон қилиб, Жоржия ва Жанубий Каролина томон ҳаракатланиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама бу 3 штатда фавқулодда ҳолат тартиби жорий этди ва ҳудудларга қутқарувчи гуруҳлар жўнатилишини маълум қилди.

Кўплаб туманларда ҳайдовчилар бензинга навбатлар ҳосил қилишган, маҳаллий аҳоли сув ва озиқ-овқат захираларини тўпламоқда. Мактаблар, давлат муассасалари бинолари ҳамда университетлар ёпилмоқда.

Майами аэропортида рейсларнинг 90 фоизи бекор қилинган. Флоридада 10 йил ичида илк марта "Диснейуорлд" кўнгилочар хиёбони ёпилди.

"Бошқа варианти йўқ. Тирик қолай десангиз, қочинг", деган Флорида штати губернатори Рик Скотт.

"Агар "Меттью" Флоридага тўғридан-тўғри ёпирилса, талофатлар катта бўлади", деган губернатор ва эвакуация ишлари бошланганини эълон қилган.

Охирги маълумотларга кўра, Гаитида ушбу довул оқибатида ҳалок бўлганлар сони 340 нафарга етди.

БМТ маълумотига кўра, Гаитида 350 минг киши ёрдамга муҳтож аҳволда қолмоқда.

Мавзуга оид