Афсонавий спортчи, лангарчўп билан сакраш мусобақаларида фаолияти давомида 35 марта жаҳон рекордларини ўрнатган, ҳозирда Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси вице-президенти ҳамда Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти Сергей Бубка Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этиш керакки, бундан сал кам 3 йил аввал Тошкентда бунёд этилаётган Миллий олимпия қўмитаси янги биносининг пойдеворига биринчи ғиштни айнан Сергей Назарович қўйиб берган эди. Бугунги кунда Тошкент кўркига кўрк кўшиб турган Миллий олимпия қўмитаси биносига Сергей Бубка Осиё енгил атлетика федерацияси вице-президенти Алексей Кондрат ҳамда Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг бош котиби Евгений Нуждин ҳамроҳлигида ташриф буюрди. 

Мартабали меҳмонни Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Мурод Алиев ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов кутиб олишди. Сергей Бубка бинони кўздан кечирар экан, қисқа вақт мобайнида ана шундай улкан иншоотнинг қуриб битказилиши ва фойдаланишга топширилиши, қолаверса бу ерда нафақат Миллий олимпия қўмитаси, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг барпо этилишига юқори баҳо берди. 

Яқин ўтмишнинг спорт афсонаси Миллий олимпия қўмитасида жойлашган кичик музей, мажлислар зали, Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини кўздан кечирди. Бу ерда яратилган шароитларни кўриб ҳайратини яшира олмади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасини дунёнинг бошқа мамлакатларига ўрнак сифатида кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади. 

Шундан сўнг, музокаралар залида Сергей Бубка иккала томон ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолашни таклиф қилди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Украина Миллий олимпия қўмиталари спортчиларни тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш, спорт тиббииёти масалаларида тажриба алмашиш фойдадан холи бўлмаслигига алоҳида урғу берди. 

Шунингдек, суҳбат давомида Ўзбекистоннинг спорт салоҳиятига юқори баҳо берар экан, Украина Миллий олимпия қўмитаси президенти ўзбекистонлик спортчиларнинг XXXI ёзги Олимпия ўйинларида эришган натижаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу муваффақиятлар ўз ўзидан қўлга киритилмагани, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк инсон бўлгани ва спорт тараққиёти йўлида катта ишлар қилганини таъкидлаб ўтди.

Миллий олимпия қўмитасига қилган ташрифи якунида Сергей Бубка таклиф ва мулоҳазалар дафтарига ўзининг самимий тилакларини ёзиб қолдирди.