2016 йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги миллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясига бағишланган брифинг ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фазилов журналистлар олдида сўзлаган нутқида маълум қилишича, мазкур йиғилишда ИҲТга аъзо 57 давлатдан 26тасининг ташқи ишлар вазирлари расмий равишда ўз иштирокини тасдиқлаган. Булар Афғонистон, Бангладеш, Фаластин, Гайана, Индонезия, Иордания, Жазоир, Камерун, Кот-д’Ивуар, Ливия, Малайзия, Мальдив, Миср, Нигерия, Озарбойжон, Покистон, Қатар, Қирғизистон, Қозоғистон, Кувайт, Саудия Арабистони, Сомали, Суринам, Тожикистон, Туркия, Яман ташқи сиёсат идоралари раҳбарларидир.

Сессияда ИҲТ бош котиби Ияд Амин Маданий, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажжар, ташкилотнинг қатор ёрдамчи ва махсус муассасалари бош директорлари, АҚШ, Франция, Италия, Буюк Британия, Швейцариянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧК) ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этади.

18 октябрда ўз ишини бошлайдиган сессия доирасида ТИВКнинг амалдаги раиси Кувайт давлати ўз раислик ваколатини расман Ўзбекистонга топширади. Шу пайтдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессияга қадар ИҲТ ТИВКнинг раиси функцияларини амалга оширади.

Тасдиқланган дастур ва кун тартибига мувофиқ, очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаши режалаштирилган.

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларни бирлаштирувчи умумэътироф этилган форум сифатида қарайди, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги бўлажак раислигини эса ислом тамаддуни ривожига мамлакатимиз томонидан қўшилган улкан тарихий ҳиссани эътироф этилиши деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг дунёдаги ролини кенгайтириш ҳамда ташкилот олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларига мувофиқ равишда, вайронкор мафкурага қарши кураш, мамлакат аҳолисида, айниқса ёш авлод вакилларида муқаддас Ислом дини қадриятлари ҳақида тўғри тушунча ва фикрни шакллантириш, ҳар томонлама етук ва юқори билимли ёшларни тарбиялаш масалаларининг давлатларимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашдаги аҳамиятини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикасининг ИҲТ ТИВКдаги раислиги “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик йўли” шиори остида ўтади.