9 ноябр куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити илк марта Тошкентда бўлиб ўтди. Kun.uz Ўзбекистоннинг бу ташкилот доирасидаги ҳамкорликни кучайтиришга бўлган интилишлари замиридаги омиллар ҳақида сўз юритиш учун сиёсатшунослар Наргиза Умарова ва Сухроб Бўроновни “Геосиёсат” дастурига таклиф этди.
— ИҲТнинг ўз имкониятларини кўрсатишга қандай сабаблар тўсиқ бўлиб келган?
Наргиза Умарова: — Бу ташкилот дастлаб Покистон, Эрон ва Туркия иштирокида ташкил этилган. 1992 йил ноябр ойида Ўзбекистон ҳам қўшилди. Лекин юридик жиҳатдан ўтган йилидан бошлаб тўлақонли иштирок эта бошладик, яъни ташкилотнинг Измир шартномаси 2022 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинди.
Ўзбекистоннинг ташкилотдан иккита мақсади бор: Марказий Осиё давлатлари ва қўшни минтақа давлатлари билан транспорт коридорларини яратиш ва савдо айланмасини юқори даражага кўтариш. Мустақиллик бошида аъзо бўлиб, лекин фаоллик кўрсатмаганига сабаб – ўша вақтлардаги ички ва ташқи сиёсатдаги омиллар. Биринчи маъмурият даврида нисбатан ёпиқ сиёсат олиб борилган. Шунинг учун бу ташкилотдан ҳам масофа сақланган. Масалан, Эрон билан муносабатлар 2018 йилдагина жонланди, қўшни республикалар билан ҳам муносабатлар у қадар яхши эмасди. Ҳозирги Ўзбекистон анча очиқ, ташаббускор сиёсат олиб боряпти.
Ташкилотнинг Ўзбекистон раислиги даврида ҳам асосан транспорт коридорлари ва савдо айланмаларини ривожлантириш бўйича таклифлар, ташаббуслар илгари сурди.
— ИҲТ фаолияти давомида қандай натижаларга эришди?
Сухроб Бўронов: — Ташкилот доирасидаги давлатлар тарихий, диний, минтақавий жиҳатлардан бир-бирига яқин ҳисобланади. 4 та стратегик минтақани ўз ичига олган: Марказий Осиё, Жанубий Осиё, Ўрта Шарқ, Каспий. ИҲТ “аввал иқтисод, кейин сиёсат” деган тамойилга амал қилади.
Ушбу ташкилотнинг имкониятлари жуда ҳам кенг. Маълум йиллар давомида фаолиятида сусайиш бўлди. Эронга санкциялар, Афғонистон муаммоси, транспорт коридорлари масаласи. Ўзбекистоннинг ташкилотга раислик даврида 25 тадан ортиқ турли тадбирлар амалга оширилди.
Савдо-иқтисодий масалалар. Ўзбекистоннинг ташқи савдо шериклари билан таҳлил қилсак, минтақавий ташкилотлар доирасида ИҲТ 3-ўринда туради. Биринчи ўринда ШҲТ, иккинчи – МДҲ. Шу томондан олиб қаралса, имкониятлар кенг ушбу ташкилотда. Ташқи иқтисодий алоқалар, денгиз портларига чиқиш айни мана шу аъзо давлатлар билан боғлиқ ва ташкилот биз учун катта имкониятлар эшигини очиши мумкин.







